АХММ қисқа вақт ичида сезиларли натижаларга эришди — Тоқаев
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари “Астана” халқаро молия маркази бошқарув кенгашининг йиғилишини ўтказди.
Йиғилиш бошланишидан аввал Қасим-Жомарт Тоқаев молия маркази экотизимини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган иштирокчилар фаолияти билан танишди.
Freedom Finance Global, China Construction Bank Corporation Астана филиали, Fix Price Group, Grata International ва Binance Kazakhstan Technologies компаниялари раҳбарлари ўз фаолияти натижалари ҳақида маъруза қилдилар, инвестиция лойиҳалари ва ривожланиш режалари ҳақида маълумот бердилар.
Йиғилишни очар экан, Давлат раҳбари жаҳон капитал бозоридаги жадал ўзгаришлар, янги халқаро савдо-иқтисодий муносабатларнинг шаклланиши, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги интеграция жараёнларининг кучайиши, молиявий оқимларнинг қайта тақсимланиши ҳақида гапирди.
Президентнинг сўзларига кўра, ҳозирги чақириқ ва ўзгаришлар Қозоғистон учун янги имкониятларга йўл очади.
Шу муносабат билан Давлат раҳбари мамлакатнинг барқарор ва жадал ривожланишини таъминлашда “Астана” халқаро молия маркази муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
— Нисбатан айтадиган бўлсак, АХММ қисқа вақт ичида сезиларли натижаларга эришди. Инвестицияларни жалб қилиш учун жуда қулай шароитлар яратилган. Минтақада унинг тенги йўқ. Инвесторларимизга қулай солиқ, виза ва иш шароитлари таклиф этилди. Ҳар бир инвесторни индивидуал ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш тамойиллари жорий этилди. Одил ва холис суд тизими яратилди. Янги рақамли ечимлар туфайли IPOда иштирок этиш Қозоғистоннинг барча аҳолиси учун очиқ бўлди, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари унинг минтақадаги муваффақиятли молиявий марказ мақомини мустаҳкамлаш вазифасига эътибор қаратди. Шунингдек, у бир қатор долзарб масалаларга тўхталиб ўтди.
Хусусан, Президент мамлакат иқтисодиётига сармояларни янада жалб этиш муҳимлигини, инвестиция экотизимини яхшилаш зарурлигини таъкидлади.
— Марказ АҚШ, Европа, Буюк Британия, Осиё ва Яқин Шарқдаги қатор ҳамкорлар билан яқин ҳамкорликни йўлга қўйган. Биз Бирлашган Араб Амирликлари ва Саудия Арабистонининг йирик компаниялари билан инвестиция лойиҳаларини илгари суриш устида ишлаяпмиз. Буларнинг барчаси АХММ ва Қозоғистон иқтисодиётининг инвестиция салоҳиятини сезиларли даражада мустаҳкамлаш имконини беради. Бироқ, Марказий Ҳукумат ва миллий институтлар билан ҳамкорликни фаоллаштириш ва норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришни давом эттириш зарур, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.