Аграр соҳада аниқ ҳисобот: 2025 йилдан янги ахборот тизими амалга оширилади

ASTANA. Kazinform – Жорий йил Қозоғистонда ўсимликчиликда маҳсулотни назорат қилишга қаратилган ахборот тизими ишга туширилади. Бу ҳақда ҚР Қишлоқ хўжалиги вазирлиги маълум қилди.

ауыл шаруашылығы санағы
Коллаж: Kazinform/Freepik/Pexels

“Президент топшириғига мувофиқ, ўтган йили агросаноат мажмуасида сохта статистик маълумотларни тўғрилаш ишлари амалга оширилди. Натижада қорамол сони 2 миллионга, майда шохли мол 3,2 миллионга, сут ва бошқа маҳсулотлар 3 миллион тоннага, ўсимликчиликда эса 1,7 миллион тонна картошка ва 315 минг тонна пиёз ҳисобдан чиқарилди. Янгиланган маълумотлар ички бозорни тартибга солиш бўйича қарор қабул қилиш ва режалаштириш сифатини ошириш имконини беради. Қайта сохта маълумотлар тақдим этилишининг олдини олиш мақсадида қишлоқ хўжалигида маҳсулотни ҳисобга олиш ва назорат қилишга қаратилган ахборот тизимлари жорий этилмоқда. Шу муносабат билан, ўсимликчилик соҳасидаги маҳсулотни назорат қилиш ахборот тизими, жумладан, дон етиштириш бўйича махсус тизим ишлаб чиқилди. Бу тизимни ишга тушириш 2025 йилга мўлжалланган. Тизим «экиндан токчагача» тамойили асосида ўсимликчилик маҳсулотларини ҳисобга олиш ва мониторинг қилиш жараёнларини автоматлаштиришга йўналтирилган. У ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ва сотиш босқичларида очиқлик ва назоратни таъминлайди”, – дейилади вазирликнинг Kazinform агентлиги сўровига жавобида.

Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йил бошидан бошлаб Ақмола вилоятида ушбу тизимни пилот тарзида жорий этиш ишлари бошланган. Пилот лойиҳа муваффақиятли якунланганидан сўнг, у мамлакатнинг барча ҳудудларида татбиқ этилади.

статистика
Фото: freepik.com

Шунингдек, вазирлик Президент топшириғига мувофиқ, жорий йил 1 августдан 20 октябргача миллий қишлоқ хўжалиги ҳисоби ўтказилиши режалаштирилганини таъкидлади.

“Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги ҳисоби мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги соҳасининг ҳолати ва ривожланиш тенденцияларини аниқ ва тўлиқ тасвирлаб берадиган маълумотларни тақдим этади. Бу эса ўз навбатида давлатнинг аграр сиёсатини самарали амалга оширишга, бизнес ва аҳоли учун қарорлар қабул қилишда ишончли маълумот манбаига айланади. Соҳадаги статистик маълумотларни бузиб кўрсатиш муаммосини тизимли ҳал этиш мақсадида Президентнинг 2024 йил 2 сентябрдаги Халққа Мурожаати ижросини таъминлаш бўйича Миллий ҳаракатлар режасига асосан махсус “Йўл харитаси” ишлаб чиқилиб, тасдиқланган. Унда чорвачилик ва ўсимликчиликдаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини таъминлашга қаратилган, шунингдек, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиларига давлат ёрдамини тақдим этишда қонунбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилувчи тизимли чора-тадбирлар белгиланган”, – дейилади вазирлик хабарида.

Сўнгги хабарлар