Афғонистондаги қозоғистонлик қутқарувчилар вайроналар остидан боланинг жасадини топди
Қозоғистонлик қутқарувчилар Афғонистоннинг учта аҳоли пунктида зилзила натижасида вайрон бўлган уйларни кўздан кечирди, деб хабар беради Kazinform агентлиги ҚР Фавқулодда вазиятлар вазирлигига таяниб.

ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев топшириғига биноан Афғонистонга жўнатилган қозоғистонлик қутқарувчилар ҳалокатли зилзила оқибатларини бартараф этишда ёрдам беришда давом этмоқда.
Наиброфи қишлоғида қозоғистонлик қутқарувчилар 211 та уй бўлакларидан иборат уюмни демонтаж қилишди. "Бир қатор" усули бўйича улар 487 та участкани пиёда босиб ўтишди. Мазкур аҳоли пунктида 700 та уй вайроналари кўздан кечирилди.

“Қутқарувчилар бутунлай вайрон бўлган турар-жой биноларидан бирини демонтаж қилиш чоғида ҳалок бўлган 5-6 ёшли боланинг жасадини топиб, олиб чиқиб кетишди.
Афғонистон томони вакиллари билан биргаликда қозоғистонликлар Наиброфи шаҳридан 10 км узоқликдаги Сиёхон аҳоли пунктида бутунлай вайрон бўлган уйларни кўздан кечирди. Чолк аҳоли пунктида ҳам вайроналарни бузиш ишлари олиб борилди. Қурбонлар топилмади”, – дейилади вазирлик хабарида.

Маълумотларга кўра, қозоғистонлик қутқарувчилар 80 нафар маҳаллий аҳолига, жумладан, 11 нафар болага тиббий ёрдам кўрсатган.
Кучли афтершокларининг тез-тез содир бўлиши ва берилган участкада ишлар якунланиши муносабати билан Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги гуруҳи Ҳирот шаҳрига жўнаб кетди.
Эслатиб ўтамиз, 10 октябрь куни қозоғистонлик 45 нафар қутқарувчи Афғонистонга ҳалокатли зилзила оқибатларини бартараф этишга ёрдам бериш учун жўнаб кетган эди. Биринчи кун давомида 76 та участка демонтаж қилинди.
11 октябрь куни Қозоғистон халқи номидан биринчи инсонпарварлик ёрдами ортилган махсус самолёт Афғонистоннинг Ҳирот аэропортига қўнди. Бу ҳақда воқеа жойидан Kazinform мухбири Есимжан Нақтибай хабар берди.
7 октябрь куни Афғонистон ғарбидаги Ҳирот вилоятида содир бўлган 6,3 магнитудали зилзила оқибатида 2053 киши ҳалок бўлди, 9000 дан ортиқ киши жароҳат олди.
