Афғонистон Амударё ҳавзасида нефть қазиб олмоқчи

ASTANA. Kazinform – Афғонистон Амударё ҳавзасида 25 та янги нефть қудуғини ишга туширишни режалаштирмоқда, бу эса ҳудудда суткалик нефть қазиб олиш ҳажмини 3 минг тоннагача ошириш имконини беради. Бу ҳақда TOLOnews ёзди.

Нефть
Фото: 7kun.kz

Афғонистон кончилик ва нефть вазирлиги хабарига кўра, айни пайтда ушбу ҳудудларда 24 та қудуқ ишламоқда, улардан кунига 1,3 минг тонна нефть қазиб олинмоқда.

Маҳаллий экспертлар мутасаддиларга аниқ ва мутаносиб режа асосида янги қудуқлар қазишни, қазиб олинган нефтни қайта ишлаш учун инвесторларни жалб қилишни тавсия қилмоқда.

«Афғонистон потенциал жиҳатдан бой табиий ресурсларга эга, аммо афсуски, бизда бу ресурсларни қайта ишлаш учун замонавий ускуналар йўқ», – деди иқтисодий эксперт Абдул Заҳур Мадабер.

У қайта ишлаш ускуналарини олиб киришда бошқа давлатлар билан ҳамкорлик қилиш зарурлигини таъкидлади.

«Табиий ресурсларни қазиб олиш ва қайта ишлаш янги иш ўринларини яратиши ва Афғонистонда инфляцияни камайтиришга ижобий таъсир кўрсатиши мумкин», – деди мустақил иқтисодчи эксперт Моҳаммад Асиф Станекзай.

Кончилик ва нефть вазирлигининг статистик маълумотларига кўра, ҳозирда Афғонистоннинг нефтга бўлган эҳтиёжининг атиги 10 фоизи ички манбалар ҳисобидан қондирилмоқда.

Сўнгги хабарлар