Қорабоғ арманлари ва Боку ўртасида музокаралар бошланди
Айни пайтда учрашувга якуний тайёргарлик ишлари олиб бориляпти.
Учрашувда Озарбайжон Республикаси Конституцияси ва қонунлари асосида қайта бирлашиш масаласи муҳокама этилади.
Озарбайжон армиясининг Қорабоғдаги аксилтеррор операцияси сепаратисларнинг чекиниши билан якунланди.
Эслатиб ўтамиз, Қорабоғда жойлашган Россия тинчликпарвар кучлари қўмондонлиги ёрдамида 20 сентябрь куни соат 13:00 дан бошлаб ҳарбий амалиётларни тўлиқ тўхтатиш бўйича келишувга эришилган эди.
Келишувга кўра, Арманистон қуролли кучлари ва Озарбайжон Республикасининг Қорабоғ ҳудудида жойлашган ноқонуний ҳарбий тузилмалари қуролларини ташлаб, тўқнашув жойлари ва ҳарбий постларни тарк этади.
Арманистон қуролли кучлари Озарбайжон ҳудудини бўшатиб, ноқонуний арман ҳарбий тузилмалари тарқатиб юборилмоқда. Шунингдек, ўқ-дорилар ва оғир техникалар топширилди.
Юқоридаги жараёнлар Россия тинчликпарвар контингенти томонидан мувофиқлаштирилади.
Аввалроқ, "Арменпресс" нашри Арцах президенти идорасининг ушбу масала бўйича баёнотини эълон қилган ва 21 сентябрь куни Евлахда Қорабоғ ва Озарбайжон ҳукумати вакилларининг учрашуви режалаштирилгани ҳақида хабар берган эди.