Жума куни Хитойда ХХХI Бутунжаҳон ёзги Универсиадаси бошланади

Фото: Фото: 2021chengdu.com
BEIJING. Kazinform - 28 июл куни Хитой жануби-ғарбидаги Сичуань провинциясининг Чэнду шаҳрида XXXI Бутунжаҳон ёзги Универсиада ўйинлари бошланади. Спорт тадбири 8 августга қадар давом этади, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Чэнду Универсиадаси 2021 йилда бўлиб ўтиши керак эди, бироқ у COVID-19 пандемияси туфайли бир йилга қолдирилди. 2022 йилда спорт мусобақаси яна худди шу сабабга кўра қолдирилди. 2022 йил июнь ойида Халқаро Университет спорти федерацияси (FISU) Ижроия қўмитаси мусобақанинг янги саналарини 2023 йил 28 июлдан 8 августгача деб эълон қилди. Универсиада 2023 йилда ўтказилишига қарамай, у ўзининг «Чэнду-2021» номини сақлаб қолади.

Аввалроқ FISU эълонида айтиб ўтилганидек, 2021 ва 2022 йилларда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган барча талабалар иштирок этиши учун талаба спортчиларнинг ёш чегаралари ва малакалари мослаштирилади.

«Чэнду 2021» ўйинларида дунёнинг турли университетлари спортчилари 18 спорт тури бўйича 269 та медаллар жамланмаси учун кураш олиб борадилар. Ташкилий қўмита вакиллари аввалроқ хабар қилганидек, икки йил аввал 49 та Универсиада стадиони фойдаланишга топширилган. Жорий йилда спорт иншоотларини қабул қилиш ва синовдан ўтказиш ишлари олиб борилди, уларнинг барчаси стандартларга жавоб беради ва халқаро мусобақаларни ўтказишга яроқли. Спорт тадбирига 20 мингдан ортиқ кўнгиллилар жалб этилган.

Қозоғистоннинг 90 нафар спортчидан иборат талабалар жамоаси спортнинг 10 тури: камондан отиш, гимнастика, енгил атлетика, қиличбозлик, дзюдо, сузиш, стол тенниси, таэквондо, ўқ отиш, ушу бўйича иштирок этади.

ХХР раиси Си Цзиньпин Чэнду шаҳрида бўлиб ўтадиган ёзги Универсиаданинг очилиш маросимида иштирок этади.

Хитой учинчи бор Жаҳон ёзги Универсиадасига мезбонлик қилмоқда, бунгача 2001 йилда Пекинда ва 2011 йилда Шэньчжэнда ўйинлар ўтказилган эди.

Муаллиф: Руслан Сулейменов