Жорий йилда Қозоғистонда 112 та қулай мактаб фойдаланишга топширилади

Фото: Фото: Ақтўбе вилояти ҳокимлиги

ASTANA. Kazinform — Жорий йилда “Қулай мактаб” лойиҳаси доирасида 112 та мактаб фойдаланишга топширилади. Бу ҳақда Марказий коммуникациялар хизматида бўлиб ўтган брифингда ҚР Таълим-маориф вазири Ғани Бейсембаев маълум қилди.

“2022 йилда Давлат раҳбари Қозоғистон халқига Мурожаатномасида “Қулай мактаб” миллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича топшириқ берган эди. Ўтган йили кенг кўламли қурилиш ишлари бошланган. Бугунги кунга қадар 105 та мактаб қурилди. Жорий йилда яна 112 мактаб қурилиб, фойдаланишга топширилади. “Қулай мактаб” лойиҳаси доирасида икки йилда 460 минг ўқувчига мўлжалланган 217 та замонавий мактаб қурилмоқда”, – деди вазир.

Вазир амалга оширилаётган “Қулай мактаб” лойиҳаси шаҳар ва қишлоқ мактаблари ўртасидаги тафовутни тугатишга қаратилган стратегик ташаббус эканини таъкидлади.

“Лойиҳадан кўзланган мақсад мамлакатимизнинг барча ҳудудларида ҳар қандай бола учун қулай бўлган янги форматдаги таълим муассасаларини яратишдан иборат. Юқори сифатли таълим стандартларини кенг жорий этиш орқали ҳар бир боланинг ҳар томонлама ривожланиши ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун тенг имкониятлар яратиш”, – деди Ғани Бейсембаев.