Жанубий Корея демографик инқироз арафасида – янги тадқиқот

Фото: Фото: Yonhap

ASTANA. Kazinform – Агар мамлакатдаги демографик пасайиш ҳозиргича давом этса, 2125 йилга бориб Жанубий Корея аҳолиси ҳозирги даражанинг атиги 15 фоизигача қисқариши мумкин. Бу ҳақда The Korea Herald нашри маълум қилди.

Хусусий тадқиқот маркази – Korean Peninsula Population Institute for Future тақдим этган энг ёмон сценарийга кўра, 2125 йилга келиб Жанубий Корея аҳолиси сони 7,53 миллион нафаргача камайиши хавфи бор. Ҳозирда аҳоли сони 51,68 миллион киши эканини ҳисобга олсак, бу жуда катта фарқ. Фақат Сеулнинг ўзида ҳозир 9,3 миллиондан зиёд одам яшайди.

Ҳатто энг оптимистик прогнозга кўра ҳам, аҳоли сони 15,73 миллион нафаргача тушиши мумкин – бу ҳозирги аҳолининг учдан бир қисмидан ҳам кам.

Тахминларга кўра, 75 йилдан сўнг меҳнатга лаёқатли ҳар 100 нафар фуқарога (15-64 ёш) 140 нафар 65 ёшдан катта қария тўғри келади.

Ҳисоботда шунингдек, 20-40 ёш оралиғидаги инсонларнинг никоҳ ва фарзанд кўриш масалаларига муносабати таҳлил қилинган. Бу таҳлил Blind иловасидаги тахминан 60 000 та хабар асосида амалга оширилган.

Тадқиқот натижаларига кўра, ёшлар учун турмуш қуришдаги энг муҳим омиллар – “пул” ва “уй-жой”, “севги” эса кейинги ўринларга сиқиб чиқарилган.

Шунингдек, молиявий қийинчиликлар фарзандли бўлиш ҳақида қарор қабул қилишда энг кўп тилга олинадиган сабаб сифатида қайд этилган.

Ҳисоботда қайд этилишича, ёшларнинг оила қуриш ва фарзандли бўлиш тўғрисидаги қарорлари шахсий хоҳишларига эмас, балки кўпроқ иқтисодий шароитларга боғлиқ.

Институт демографик инқирозга қарши қуйидаги чораларни таклиф қилмоқда:

  • Фарзанд туғиш ва тарбиялаш харажатларини камайтириш учун давлат қўллаб-қувватлашини ошириш;
  • Иш ва шахсий ҳаёт ўртасидаги мувозанатни таъминлаш;
  • Нафақа ёшини ошириш;
  • Қарияларни иш билан таъминлашни қўллаб-қувватлаш;
  • Иммиграция сиёсатини ислоҳ қилиш.

Ушбу прогнозлар Жанубий Кореянинг демографик инқирози қай даражада жиддий эканини кўрсатиб бермоқда. Мамлакат ҳозирда дунёдаги энг паст туғилиш кўрсаткичи ва аҳолининг тез қариш жараёни билан юзма-юз келмоқда.

Таъкидлаш жоиз, 2024 йилда Жанубий Кореяда 242 334 нафар чақалоқ дунёга келди – бу 2015 йилдан бери кузатилган биринчи йиллик ўсиш ҳисобланади.