Қозоғистон ва Мьянма: жорий муносабатлар ва ҳамкорлик истиқболлари
ASTANА. Кazinform – 27 сентябрь куни Мьянма Президенти вазифасини бажарувчи, Давлат маъмурий кенгаши раиси Мин Аун Хлайн Астанага ташриф буюради. Ақордадаги олий даражадаги музокараларда икки давлат ўртасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинади. Шу муносабат билан Кazinform мухбири Мьянма бўйича 5 та саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Мьянма қаерда жойлашган?
Мьянма - Жануби-Шарқий Осиёда жойлашган бой тарих ва маданиятга эга давлат. 1989 йилгача у Бирма деб номланган. У 1948 йилда ўз мустақиллигини эълон қилди, бундан олдин у Буюк Британиянинг мустамлакаси эди. Майдони 676 минг квадрат километрдан ортиқ, аҳолиси эса 55 миллиондан зиёд.
Мьянма ғарбда Ҳиндистон ва Бангладеш билан чегарадош. Шунингдек, Хитой, Лаос ва Таиланд билан чегарадош.
Географик жиҳатдан Ҳинд океанига чиқиш имкониятига эга муҳим давлат саналган бу давлат ҳам стратегик, ҳам иқтисодий жиҳатдан алоҳида аҳамиятга эга.
Мамлакатни ким бошқаради?
Мьянма ҳозирда ҳарбий бошқарув ҳукм сураётган давлатлардан бири ҳисобланади. 2021 йилда мамлакатда ҳарбий тўнтариш содир бўлди ва ҳокимият ҳарбийлар қўлига ўтди. Шундан сўнг Давлат маъмурий кенгаши тузилиб, унинг раиси Мин Аун Хлайн давлат раҳбари вазифасини бажармоқда.
Сўнгги йилларда Мьянмадаги сиёсий вазиятни мураккаб деб айтиш мумкин. Фуқаролик ҳукумати ва ҳарбий ҳокимият ўртасидаги зиддият жамиятда беқарорликни келтириб чиқармоқда. Бу мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишига таъсир қилади. Бундан ташқари, жорий йилнинг баҳорида Мьянмада кучли зилзила содир бўлиб, 5300 дан ортиқ одамнинг ҳаётига зомин бўлди ва инфратузилмага катта зарар етказди.
Унинг иқтисодиётининг асоси нима?
Мьянма ривожланаётган давлат. У иқтисодий жиҳатдан энг қашшоқ давлатлардан бири саналади. Жаҳон банки уни "паст даромадли" иқтисодиётга киритди. 2024 йилда мамлакат ялпи ички маҳсулоти 67,4 миллиард долларни ташкил қилди. Аҳоли жон бошига даромад 1179 долларни ташкил қилади.
Бироқ, Мьянма табиий ресурсларга жуда бой. Нефть ва газ, қимматбаҳо тошлар (айниқса ёқут) ва минерал хомашёнинг катта заҳираларига эга. Мамлакат қишлоқ хўжалиги ҳам яхши ривожланган: шоли, ловия, пахта ва бошқа экинлар асосий экспорт маҳсулотлари қаторига киради. Бу хусусиятлар Мьянмани Қозоғистон учун Жануби-Шарқий Осиёдаги нуфузли ва фойдали ҳамкорга айлантиради.
Қозоғистон ва Мьянма ўртасида дипломатик муносабатлар қачон ўрнатилган?
Қозоғистон ва Мьянма ўртасида дипломатик алоқалар 1999 йилда ўрнатилган. Бироқ, жуғрофий узоқлик ва Мьянманинг узоқ муддатли халқаро изоляцияси туфайли муносабатлар секин ривожланди. Фақат сўнгги йилларда янги имкониятлар пайдо бўла бошлади. Мьянманинг ташқи сиёсатда очиқлик сари қадамлари, Қозоғистоннинг Осиёга қаратилган ташаббуслари икки давлат ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга замин яратди.
2014 йилнинг 15 май куни Мьянма Ташқи ишлар вазири “Қозоғистон билан савдо ва сармоя соҳасида яқин ҳамкорлик ўрнатишдан манфаатдор эканлигини” билдирди. Қозоғистон элчиси билан учрашув чоғида Қозоғистон-Мьянма ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди, томонларни қизиқтирган минтақавий ва халқаро муаммолар юзасидан фикр алмашилди.
2025 йилнинг 8 май куни Қасим-Жомарт Тоқаев Москвада Мьянма Бош вазири Мин Аун Хлайн билан учрашди. Қозоғистон Президенти икки давлат ўртасида доимо ўзаро ҳурмат ва ишончга асосланган дўстона муносабатлар сақланиб қолганини таъкидлади.
Мин Аун Хлайн ким?
Мин Аун Хлайн — Мьянманинг амалдаги раҳбари, сиёсий ва ҳарбий арбоб, юқори мартабали армия генерали, Мьянма Қуролли кучлари бош қўмондони.
У 1956 йил 3 июлда туғилган.2011 йилда у Мьянма Қуролли кучларининг янги бош қўмондони бўлди. Мин Аун Хлайн 2021 йилда ҳарбий тўнтариш натижасида ҳокимиятга келган.
2021 йил 1 августда Мьянма муваққат ҳукумати тузилди ва Мин Аун Хлайн бош вазир бўлди. 2024 йил июлидан у президент вазифасини бажарувчи.
P.S. Мин Аун Хлайннинг ташрифи Қозоғистон ва Мьянма ўртасидаги алоқаларни чуқурлаштириш, савдо-иқтисодий ва сиёсий ҳамкорликни кенгайтиришдаги муҳим босқич сифатида баҳоланмоқда. Мазкур тадбир Қозоғистоннинг Жануби-Шарқий Осиёдаги нуфузли ҳамкорлари билан муносабатларни мустаҳкамлаш стратегиясига мос келади ва икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтариши мумкин.