Жамиятдаги янги этика — "Тоза Қозоғистон" ички сиёсатнинг асосий тамойилларидан бири сифатида тасдиқланди
ASTANА. Каzinform — Қасим-Жомарт Тоқаев "Қозоғистон Республикаси ички сиёсатининг асосий тамойиллари, қадриятлари ва йўналишларини тасдиқлаш тўғрисида"ги Фармонни имзолади. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Миллий қурултойнинг IV сессиясида экспертлар ва жамоат арбоблари ички сиёсат соҳасида амалга ошириладиган барча ишларни тартибга солувчи ягона концептуал ҳужжатни ишлаб чиқишни таклиф қилишди. Президент бу ғояни қўллаб-қувватлади ва у давлат тузилмалари ишини тизимлаштиришга қаратилган бўлиши кераклигини таъкидлади.
Президент Админстрацияси ва манфаатдор давлат органлари Давлат раҳбарининг ҳар йилги Мурожаатномалари, нутқлари ва Қозоғистон Республикасининг 2029 йилгача бўлган Миллий ривожланиш режасини эътиборга олиб, "Ички сиёсатнинг асосий тамойиллари, қадриятлари ва йўналишлари" ҳужжатини тайёрладилар.
Миллий қурултой аъзолари, экспертлар, илмий ва жамоат ташкилотлари вакиллари концептуал ҳужжатни ишлаб чиқишда фаол иштирок этдилар.
Ушбу ҳужжат асосан давлат органлари учун мўлжалланган. Унинг асосий мақсади ички сиёсат соҳасидаги ишларни тизимлаштириш ва мувофиқлаштиришдир.
Унга "Қонун ва интизом", "Халқ овозига қулоқ соладиган давлат", "Турли кўзқараш – ягона миллат", "Кучли Президент - нуфузли Парламент – ҳисоб берадиган Ҳукумат", "Ҳалол фуқаро" ва "Тоза Қозоғистон" каби ички сиёсат тамойиллари киради.
Миллий қурултой йиғилишларида кўтарилган миллий қадриятлар рўйхати ҳам киритилди. Миллий ўзига хосликни акс эттирувчи миллий рамзлар тизими яратилди.
Ҳужжатда ички сиёсатнинг устувор йўналишлари, масалан, жамоатчилик билан мулоқот, этнослараро муносабатлар, дин, маданий-гуманитар, оила, ёшлар ва ахборот соҳалари белгиланган. Қабул қилинган концептуал ҳужжат давлат органларининг ички сиёсат соҳасидаги ишларини ташкил этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.