Жамбил вилоятида «Қызғалдақ мұра» халқаро фестивали бўлиб ўтади

Фото: Фото: акимат Жамбылской области

ASTANA.Kazinform — «Қызғалдақ мұра» фестивали: Жамбиллик 100 нафар ҳунарманд кигиз босиш бўйича Қозоғистон рекордлар китобига киради.

Бутун дунёга Грейг лоласининг “ватани” сифатида танилган Жамбил вилояти баҳорда қизил гиламдай гуллайди. Апрель ва май ойларида минтақанинг чўл даштлари қип-қизил, сариқ ва пушти лолалар билан қопланган ва ажойиб табиат манзарасини яратади.

Ана шу ўзига хосликни инобатга олган ҳолда 2025 йил 2-3 май кунлари Жамбил вилояти ҳокимлиги кўмагида Талас тумани, Есейхан қишлоғида, Қаратау тоғ ёнбағирларида «Қызғалдақ мұра» халқаро фестивали ташкил этилади.

Фото: Жамбыл облысы әкімдігі

Тадбиркорлик ва саноат-инновацион ривожланиш бошқармаси бошлиғи Аспандияр Сейсебаев фестиваль доирасида ўтказиладиган тадбирлар режаси билан таништирди. Фестивалдан кўзланган мақсад – Жамбил вилоятининг сайёҳлик салоҳиятини ошириш, лолаларнинг табиий яшаш жойини асраб-авайлаш, маданий меросни авлоддан-авлодга етказишдир.

Халқаро тадбирда Германия, Украина, Туркия, Қирғизистон, Россия, Эрон, Нидерландиядан хорижий меҳмонлар иштирок этиши кутилмоқда.

Фото: Жамбыл облысы әкімдігі

Икки кун давом этадиган фестиваль доирасида илмий анжуман, гулчилар учун маҳорат дарси, миллий спорт ўйинлари, модалар кўргазмаси, ҳунармандчилик ярмаркаси бўлиб ўтади.

Анжуманда жаҳонга машҳур олимлар, экспертлар, ботаника, экология, табиий фанлар мутахассислари, хорижлик ва мамлакатимиз тадқиқотчилари лолаларни ноёб мерос сифатида асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш масалаларини атрофлича муҳокама қилади.

Анжуман меҳмонлари учун тарихий ва маданий обидаларга экскурсиялар ташкил этилади. Нидерландия, Қирғизистон ва минтақанинг етакчи флористлари иштирокчиларга гулдасталар яратиш санъатининг нозик жиҳатларини ўргатади ва ўз тажрибалари билан ўртоқлашади. Айни пайтда гулчилар дўстлик ва ҳамкорлик шартномасини имзолайди. Бу ташаббус мамлакатлар ўртасида гулчилик маданияти ва ижодкорлиги учун мустаҳкам пойдевор яратади.

Фото: Жамбыл облысы әкімдігі

Миллий спорт турлари бўйича мусобақалар табиий шароитда ўтказилади. Жумладан, аудариспақ, қозоқ кураши, қўчқор кўтариш, армрестлинг, анъанавий камондан ўқ отиш, арқон тортиш, асиқ отиш бўйича ғолиблар аниқланади.

Кўргазма “Лолалар модаси” мавзусига бағишланади. 14 нафар маҳаллий дизайнерлар ўзларининг замонавий ва миллий либосларини омма эътиборига ҳавола этади.

100 нафар ҳунарманд иштирокида 20х10 метр ўлчамдаги кигиздан ясалган лола тасвири чоп этилиб, Қозоғистон КИнЭС рекордлар китобига киритилади.

Вилоят аҳолиси ва меҳмонлари учун озиқ-овқат ва ичимликлар сотиладиган фуд-корт ташкил этилади.

Фото: Жамбыл облысы әкімдігі