Ичимликдан шоколад плиткасигача
Шоколад тарихи уч минг йилдан ортиқ вақтни қамраб олади. Марказий Американинг қадимги майя ва ацтек цивилизациялари какао донларидан ичимлик тайёрлаган. Улар какаони жуда қимматли маҳсулот деб ҳисоблаб, уни айирбошлаш воситаси сифатида ҳам ишлатган. Ўша даврдаги шоколаднинг бугунги ширин шоколадга ўхшаш жиҳати деярли йўқ эди. Турли зираворлар қўшилган ушбу ичимликнинг таъми анча аччиқ бўлган. XVI асрда испан сайёҳлари какаони Европага олиб келди. Кейинчалик унга шакар қўшилиб, таъми аста-секин ўзгара бошлади.
XIX асрда эса ишлаб чиқариш технологияларининг ривожланиши шоколадни фабрикаларда оммавий ишлаб чиқариш имконини берди. Шу тариқа, бир вақтлар ноёб ва қимматбаҳо ҳисобланган ичимлик вақт ўтиши билан кенг истеъмол қилинадиган ширинликка айланди. Бугун шоколад дунёдаги энг машҳур қандолат маҳсулотларидан бири ҳисобланади.
Шоколад нега қимматлашди?
Шоколаднинг асосий хомашёси — какао донлари. Какао эса дунёнинг саноқли мамлакатларида етиштирилади. Плантацияларнинг 60 фоиздан ортиғи Кот-д'Ивуар ва Ганада жойлашган. АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (USDA) маълумотларига кўра, 2023-2024 йилларда ушбу мамлакатларда ноқулай об-ҳаво ҳамда плантациялар ҳосилдорлигининг пасайиши сабабли какао ҳосили сезиларли даражада камайган. Натижада жаҳон бозорида какао танқислиги юзага келиб, унинг нархи кескин ошди.
Халқаро какао ташкилоти (ICCO)нинг 2025 йилги бозор таҳлилида қайд этилишича, Ғарбий Африкада икки мавсум давомида кузатилган ҳосил етишмовчилиги сабаб какао нархи аввалги йилларга нисбатан юқори даражада сақланиб қолмоқда.
Жаҳон бозоридаги какао танқислиги нафақат нархларнинг ошишига, балки шоколад ишлаб чиқаришга бўлган ёндашувнинг ўзгаришига ҳам сабаб бўлди. Танқислик ишлаб чиқарувчиларни янги ечимлар излашга мажбур қилмоқда. Аввал эътибор асосан какао нархига қаратилган бўлса, ҳозирда қатор компаниялар маҳсулот таркибини қайта кўриб чиқмоқда. Озиқ-овқат саноатига ихтисослашган халқаро FoodNavigator нашри маълумотига кўра, йирик компаниялар ва стартаплар ферментация технологиялари ҳамда какао ўрнини босувчи маҳсулотларни ишлаб чиқишга сармоя киритмоқда. Айрим ишлаб чиқарувчилар кунгабоқар уруғи, дуккакли экинлар, кэроб ва бошқа ўсимлик хомашёсидан шоколадга ўхшаш маҳсулотлар тайёрламоқда.
Шунга қарамай, халқаро мутахассислар бу технологиялар ҳозирча ишлаб чиқариш харажатларини тўлиқ қоплай олмаслигини таъкидламоқда. Бу жараён Қозоғистонда шоколад нархларига ҳам таъсир кўрсатмоқда.
Қозоғистон шоколадига ташқи талаб ортмоқда
Жаҳон бозоридаги мураккаб вазиятга қарамай, қозоғистонлик ишлаб чиқарувчилар ташқи бозорларга маҳсулот етказиб беришда давом этмоқда. Миллий статистика бюроси маълумотларига кўра, 2026 йилнинг дастлабки тўрт ойида Қозоғистон 8,7 минг тонна шоколад экспорт қилиб, 50,8 миллион АҚШ доллари даромад олган.
Ташқи бозордаги улушнинг босқичма-босқич ортиши маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг қўшни мамлакатлардаги мавқеи мустаҳкамланаётганини кўрсатади.
Экспорт географиясига назар ташласак, Қозоғистон шоколади асосан МДҲ давлатларига етказиб берилган. Энг йирик харидорлар Россия ва Озарбайжон ҳисобланади. Шунингдек, маҳсулот Қирғизистон, Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳам экспорт қилинади.
Бунинг бир нечта сабаби бор. Биринчидан, мазкур мамлакатлар билан логистика яхши йўлга қўйилган. Яқин масофа транспорт харажатларини камайтиради ва маҳсулот нархининг рақобатбардош бўлишига ёрдам беради. Иккинчидан, Қозоғистон Евроосиё иқтисодий иттифоқи аъзоси бўлгани учун Россия билан савдода божхона тартиблари соддалаштирилган. Марказий Осиё давлатлари билан эса кўп йиллик савдо алоқалари экспорт барқарорлигини таъминлаб келмоқда.
Экспорт ҳажмининг сақланиб қолиши Қозоғистон шоколад саноати фақат ички бозор билан чекланмаслигини ва келажакда экспорт географиясини кенгайтириш имконияти мавжудлигини англатади.
Импорт ҳажми камайди
Қозоғистон шоколад маҳсулотларини четдан ҳам катта ҳажмда импорт қилади. Миллий статистика бюроси маълумотига кўра, жорий йилнинг январь–апрель ойларида мамлакатга 168,3 миллион АҚШ доллари қийматидаги 27,2 минг тонна шоколад ва таркибида какао мавжуд тайёр маҳсулотлар олиб кирилган. Ўтган йилнинг шу даври билан таққослаганда импортнинг қиймат жиҳатидан ҳажми 23,5 фоизга ошган бўлса, жисмоний ҳажми 1,6 фоизга камайган.
Импорт қилинаётган шоколаднинг асосий қисми Россия ҳиссасига тўғри келади. Ҳисобот даврида ушбу мамлакатдан 19,6 минг тонна маҳсулот келтирилган. Кейинги ўринларда Украина, Туркия, Хитой, Германия, Эрон, Австрия, Италия, Беларусь, Бельгия, Польша ва Болгария жойлашган.
Айрим йўналишларда ўсиш кузатилди. Масалан, Эрондан импорт 10,5 баробарга, Бельгиядан 1,5 баробарга, Хитойдан эса 43 фоизга ошган. Аксинча, Украинадан келтириладиган маҳсулот ҳажми 1,9 баробарга, Болгариядан 31 фоизга, Германиядан эса 24 фоизга қисқарган.
Қозоғистонликлар шоколадни камроқ истеъмол қилмоқда
Ўзгаришлар нафақат ташқи савдода, балки ички бозорда ҳам кузатилмоқда. DATA HUB таҳлилий Telegram-канали Миллий статистика бюроси маълумотлари асосида тайёрлаган таҳлилга кўра, 2025 йилнинг учинчи чорагида бир нафар аҳоли ўртача 195 грамм шоколад истеъмол қилган. Бу кўрсаткич олдинги чоракка нисбатан 21 фоизга, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан эса 24 фоизга камайган. Шоколад билан қопланган конфетлар истеъмоли ҳам кузатувлар давомидаги энг паст даражага тушган.