Жаҳон футболи афсоналари Тошкентга ташриф буюрди
TASHKENT. Kazinform — Бугун, 26 август куни Тошкентдаги “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида BMB - "Oil Star" футзал жамоалари ўртасида ўтадиган Ўзбекистон суперкубоги финал учрашуви ва унинг доирасида ташкил этиладиган спорт тадбирларида иштирок этадиган хорижлик футбол афсоналари Ўзбекистонга ташриф буюрди, деб хабар беради ЎзА.
Тошкентга келган “Реал” (Мадрид) афсонаси, жаҳон чемпиони Роберто Карлос, УEФА Чемпионлар лигаси ғолиби Франк Рибери, жаҳон чемпиони, икки карра УEФА Чемпионлар лигаси ғолиби Дида, жаҳон чемпиони ва УEФА Чемпионлар лигаси ғолиби Марко Матерацци, жаҳон чемпиони, “Олтин тўп” соҳиби Фабио Каннаваро, жаҳон чемпиони Кристиан Дзаккардо, Франция, Испания, Англия чемпиони, УEФА Чемпионлар лигаси ғолиби Клод Макалеле, икки карра УEФА Чемпионлар лигаси ғолиби Сержиньо, УEФА Чемпионлар лигаси ғолиби, тўрт карра Италия чемпиони Майкон ва Европа вице-чемпиони Кевин Куранини Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида футбол мутасаддилари кутиб олди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонга келган дунё футболи афсоналари бугун “Ҳумо Арена” спорт мажмуасида BMB - "Oil Star" футзал жамоалари ўртасидаги финал ўйинини кузатиб боришса, эртага “Бунёдкор” футбол академияси майдонида Ўзбекистон ва жаҳон футболи афсоналари ўртасида ўтадиган ўртоқлик учрашувида ўз маҳоратларини намойиш этишади.