Ўзбекистонда ҳунармандлар 5 йилга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилинади
Бу вазифалар ижроси, кўп жиҳатдан, ҳудудлардаги иқтисодиётга боғлиқ. Шу боис, яқинда тадбиркорликни ривожлантириш учун 500 миллион доллар ва 2 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилиши белгиланди. Айни пайтда тадбиркорларни энг безовта қилаётган солиқ маъмурчилиги, текширувлар, рухсатномалар тартиби енгиллаштирилди.
Йиғилишда ҳоким ёрдамчилари фаолиятининг дастлабки натижалари кўриб чиқилди. Қайд этилганидек, улар уч ой давомида 6 миллион 900 минг хонадонни хатловдан ўтказиб, 4 та тоифага ажратган. Хонадонларнинг 11 фоизи кам даромадли, 47 фоизи қўшимча даромадга эҳтиёжи бор, 6 фоизи ижтимоий ҳимояга муҳтож, 36 фоизи ўзига тўқ оилалар экани аниқланган. Шунга қараб, маҳаллий раҳбарлар фаолияти манзилли ташкил этилиб, минглаб фуқароларнинг ишга жойлашиши, касб-ҳунар ўрганишига кўмаклашилган.
Шу уч ойда ҳоким ёрдамчиларининг ташаббуси билан 50 мингта оилавий тадбиркорлик лойиҳалари учун 1 триллион 300 миллиард сўм кредит ва 20 миллиард сўм субсидия ажратилган. Натижада жойларда 47 мингта янги тадбиркорлар фаолияти йўлга қўйилган, 8 мингта кичик саноат ва сервис лойиҳалари ишга туширилган.
Ўрганишлар давомида «қониқарсиз» деб баҳоланган маҳаллалардаги ҳолатни яхшилаш бўйича кўрсатмалар берилди. Бунинг учун бюджет харажатларини оптималлаштириш ҳисобидан 800 миллиард сўм ажратилади.
2 минг 500 та маҳалла чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичиликка ихтисослашган. Улар қўшимча қўллаб-қувватланиб, омилкор одамларга инкубатор, хонаки товуқ, асалари уялари етказиб берилса, аҳоли даромади янада ошади.
Умуман, хонадонларда чорвачилик, паррандачилик, балиқчилик, асаларичилик йўналишларда 140 минг нафар аҳоли бандлигини таъминлаш мумкинлиги айтилди.
Ҳунармандчилик, тикувчилик, косибчилик, қандолатчилик каби кичик ишлаб чиқариш лойиҳаларини маҳалланинг ўзида кенгайтирса бўлади. Президентимиз шу мақсадда бундай маҳаллаларда микро саноат марказлари ташкил этиш ташаббусини маъқуллади.
Жорий йилда бу мақсадларга 500 миллиард сўм йўналтирилиши, ушбу марказлар 5 йил муддатга ер ва мол-мулк солиғидан озод қилиниши белгиланди.
касаначилар билан ишлайдиган тадбиркорларга оилавий тадбиркорлик дастуридан 500 миллиард сўм йўналтирилади. Кредитлар бўйича Тадбиркорлик жамғармасидан 75 фоизлик кафиллик берилади ҳамда фоиз харажатларининг 10 фоиздан юқори қисми қоплаб берилади.
Шунингдек, касаначиларга ўзини ўзи банд қилган фуқаролар каби, фақат ижтимоий солиқ тўлаш имконияти яратилади, олис ҳудудда ишлаётган касаначиларнинг дастлабки 1 ойлик иш ҳақи давлат томонидан қоплаб берилади.