Ўзбекистонда ўтган йили 40 мингта аёлларга зўравонлик қилиш ҳолатлари қайд этилган
23:17, 27 Апрель 2022
NUR-SULTAN. Kazinform – Ўзбекистонда 2021 йил давомида ҳуқуқ-тартибот идораларига аёлларга нисбатан босим ўтказиш ва зўравонлик қилиш ҳолатлари юзасидан 39 343 та мурожаат келиб тушган. Бу ҳақда Ўзбекистон Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида бўлиб ўтган матбуот анжуманида ЎР Ички ишлар вазирлиги мутасаддилари маълум қилди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
ИИВ маълумотларига кўра, мурожаатларни ўрганиш давомида 106 та жинсий зўравонлик, 18,7 мингта психологик ва 13,6 мингта жисмоний зўравонлик ҳолатлари аниқланган. Яна 7174 та ҳолатда безорилик қайд этилган.
Ҳар бир мурожаат юзасидан ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳимоя ордерлари чиқарилган. Жумладан 378 нафар вояга етмаган қизларга, 9861 нафар 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёш қизларга, 29104 нафар 30 ёшдан ошган аёлларга ҳимоя ордерлари берилган.
Таҳлиллар қайд этилган аёлларга нисбатан зўравонлик ҳолатларининг 34,3 мингтаси ёки 87 фоизи оилада содир этилганлигини кўрсатди.
Зўравонлик натижасида 921 оила бузилган. 20 000 дан ортиқ оилани яраштиришга муваффақ бўлинган.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков