Юн Сок Ёль Корея компанияларининг Қозоғистондаги газни қайта ишлаш лойиҳаларида иштирок этишини истайди

Фото: Фото: akorda.kz

ASTANА. Кazinform - Корея компаниялари Қозоғистоннинг асосий миллий лойиҳаларини амалга оширишда иштирок этмоқчи. Бу ҳақда Жанубий Корея Президенти Юн Сок Ёль Ақордада Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев билан музокаралар якунлари бўйича қўшма баёнотида маълум қилди.

“Катта Алмати ҳалқа йўли ва Чимкент иссиқлик электр маркази қурилиши лойиҳалари туфайли икки томонлама ҳамкорлик муваффақиятли амалга оширилди, деган умумий фикрга келдик. Бундай муваффақиятли мисоллардан келиб чиқиб, биз энергетика ва инфратузилмаларни кенгайтириш соҳаларида янги лойиҳаларни излаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш мажбуриятини олдик. Шу муносабат билан мен Қозоғистон Президентидан компанияларимизнинг Қозоғистоннинг асосий миллий лойиҳаларини, жумладан, газни қайта ишлаш заводларини қуришдаги иштироки ва ҳиссасига эътибор қаратишини сўрадим”, — деди Корея Президенти.

Юн Сок Ёль Қозоғистон Президенти билан музокаралар чоғида Шимолий Кореянинг ядро қуроли муаммоси ҳам муҳокама қилинганини таъкидлади.

“Иккала давлат ҳам Шимолий Кореянинг ноқонуний ядровий ва ракета ишлаб чиқаришини кескин қоралади ва Шимолий Кореянинг ноқонуний молиялаштирилишини блокировка қилиш учун халқаро ҳамжамият билан ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олди”, — деди у.