Ёзда қозоғистонликларни қандай об-ҳаво кутади
ASTANA. Kazinform - ҚР Экология ва табиий ресурслар вазири Ерлан Нисанбаев Ҳукумат йиғилишида ёз ойлари учун об-ҳаво прогнозини маълум қилди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Унинг сўзларига кўра, июнь ойида Қозоғистоннинг аксарият ҳудудларида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёрда — мамлакат шимолида ва марказида 17-20 даражадан, ғарбда 23-25 даражагача бўлиши кутилмоқда.
Жануби-ғарбда ва жанубда одатдагидан иссиқроқ - текислик қисмида ўртача 24-28 даражагача, максимал ҳаво ҳарорати 45 даражагача етади.
Мамлакатнинг ғарбида ва шимоли-шарқида ёғингарчилик меъёрида, қолган ҳудудларда эса, асосан, меъёрдан паст бўлади.
Июль ойида узоқ муддатли прогнозга кўра, ҳаво ҳарорати меъёрда, мамлакат шарқида ва жануби-шарқида эса иқлим меъёридан 1 даража юқори бўлиши кутилмоқда.
Ёғингарчилик одатда узоқ муддатли меъёрлар доирасида бўлиши прогноз қилинмоқда, ёғингарчилик фақат шимоли-ғарбий, шимолий, жануби ва жануби-шарқидагина меъёрдан юқори бўлиши кутилмоқда.
Дастлабки прогнозларга кўра, август ва сентябрь ойлари ҳосилни йиғиш учун қулай ойлар бўлиши кутилмоқда. Кучли ва узоқ муддатли ёғингарчилик кутилмайди. Республиканинг аксарият ҳудудларида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати иқлим меъёридан 1 даража юқори бўлиши кутилмоқда.
Вазир ёз ойлари учун эълон қилинган дастлабки прогноз аниқланиб, ойлик прогнозлар билан тўлдирилишини таъкидлади.