Япониядаги сайловлар: Ҳукмрон парламент коалицияси ҳокимиятни йўқотиши мумкин
ASTANA. Kazinform – Бугун, 20 июль куни Японияда парламент юқори палатаси – маслаҳатчилар палатаси (242 ўрин)га ўрта муддатли сайловлар бўлиб ўтади. Бу сайловларда депутатларнинг ярми қайта сайланади. Ушбу сайловларнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақида Kazinform ахборот агентлигининг халқаро шарҳловчиси таҳлил қилди.
Асосий интрига
Одатда бу каби сайловлар оддий бир сиёсий жараён бўларди, чунки мамлакатдаги ҳукумат тузилишига асосан қуйи палата жавобгар ҳисобланади. Бироқ бу йилги сайловнинг асосий интригаси шундаки: 2024 йил октябрда бўлиб ўтган парламент сайловларидан сўнг ҳокимиятдаги коалиция – Либерал-демократик партия (ЛДП) ва «Комэйто» партияси қуйи палатада кўпчилик ўринларга эга эмас. ЛДПда 191 ўрин, «Комэйто»да эса 24 ўрин бор. Қуйи палатада жами 465 ўрин мавжуд. Шунга кўра, коалициянинг мавқеи сезиларли равишда заифлашган.
Япония қонунчилигига кўра, юқори палата қуйи палатадан қабул қилинган қонун лойиҳаларини рад этиши мумкин. Бундай ҳолда, уларни қайта қабул қилиш учун қуйи палатада учдан икки қисм овоз тўпланиши шарт. Ҳозирги партиявий таркибни ҳисобга олганда, бу деярли имконсиз. Ҳозирча ЛДП-«Комэйто» коалицияси юқори палатани назорат қилиб турибди, аммо NHK телерадиокампаниясининг 14 июлдаги тахминига кўра, бу сайловда коалиция кўпчиликни сақлаб қололмаслиги мумкин. Агар шундай бўлса, ҳукуматнинг қонунчилик фаолияти деярли тўхтаб қолади.
Бироқ Япония мухолифати турли идеологияга эга бир нечта партиялардан иборат. Шу боис уларнинг кучли ва барқарор ҳокимият коалицияси тузиши қийин бўлади. Масалан, қуйи палатадаги мухолифат партиялари орасида энг йирик фракция – Конституциявий демократлар партиясига тегишли бўлиб, унда 148 ўрин бор. Шунингдек, Нуфузли Демократик партия (28 ўрин), Инновациялар партияси (38), чап қанот популистлари – «Рэйва Синсэнгуми» (9), коммунистлар (8) ва бошқа кичик партиялар мавжуд.
Шу сабаб, агар 20 июлдаги сайловда ЛДП-«Комэйто» коалицияси йирик ва катта йўқотишларга учрамаса, ҳатто ҳар икки палатани назорат қилмаса ҳам, бош вазир Сигэру Исиба лавозимда қолиши мумкин. Бироқ мамлакат олдида кўплаб жиддий муаммолар турган бир пайтда ҳукуматнинг заифлиги Японияни ноаниқ ва мураккаб сиёсий вазиятга олиб келиши турган гап.
Нега Трампнинг божлари Япония иқтисодиёти учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга
Ҳокимият коалициясининг оммавий қўллаб-қувватлови пасайиши Япония иқтисодиётидаги муаммолар билан боғлиқ бўлиб, бу муаммолар АҚШ президенти Дональд Трамп бошлаган савдо урушларидан сўнг янада авж олди. Тўғри келиб қолдики, айнан Япония сайловлари арафасида – 8 июль куни Трамп 1 августдан бошлаб 14 мамлакатдан келадиган импорт маҳсулотларга 25 фоизлик бож жорий этилишини эълон қилди. Ушбу рўйхатда Япония ва Жанубий Корея ҳам бор. Бу икки давлат ҳам экспортга йўналтирилган иқтисодиётга эга бўлгани учун, АҚШ сингари асосий иқтисодий ҳамкор томонидан бундай қарор қабул қилиниши улар учун жиддий зарба ҳисобланади.
Шу ўринда қайд этиш керакки, ушбу 14 давлат орасида Қозоғистон ҳам бор, бироқ унга нисбатан божлар фақат 2 миллиард долларлик умумий экспорт ҳажмининг 4,8 фоизинигина қамраб олади. Солиштириш учун, Япониянинг 2024 йилда АҚШга қилган экспорти 148 миллиард долларни ташкил этган ва шундан тахминан учдан бир қисми юқори божларга тушмайди.
Бундан ташқари, Трамп Хитойга қарши ҳам савдо уруши олиб бормоқда. Дунёдаги иккинчи йирик иқтисодиёт эгаси бўлган Пекин бу масалада қаттиқ позицияни эгаллаб, АҚШ тарифларига кескин муносабат билдирмоқда. АҚШнинг иттифоқчилари – Япония ва Жанубий Корея эса бундай кескинликни қўллай олмайди. Жанубий Корея расмийлари аввалроқ АҚШ божларига қарши чора кўрмаслигини билдирган. Японияда эса, сайловлардан сўнг ҳокимиятга келадиган ҳукумат заиф ва сиёсий ноаниқлик шароитида қарор қабул қилишга мажбур бўлиши мумкин.
Барча ҳолатда ҳам АҚШ ва Хитой ўртасидаги савдо муносабатларидаги ноаниқлик Япония иқтисодиётига таъсир кўрсатади. Чунки Жануби-Шарқий Осиё минтақасидаги мамлакатлар – Хитой, Жанубий Корея ва Япония ўзаро мураккаб етказиб бериш занжирлари орқали боғланган. Шу сабаб, савдодаги ҳар қандай чекловлар, айниқса, тайёр маҳсулот учун энг муҳим бозор бўлган АҚШдаги чекловлар катта муаммо туғдиради. Бундан ташқари, Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари бозорлари ўзаро боғлиқ ва таъсирчан эканини ҳам ҳисобга олиш лозим.
2024 йилда Япония экспорти қарийб 108 триллион иенни ташкил этди – бу тахминан 738 миллиард долларга тенг. Ушбу ҳажмнинг 19,9 фоизи АҚШга, 17,6 фоизи эса Хитойга йўналтирилган. Хитойга йўналтирилган экспортнинг бир қисми – Хитойда қайта ишланиб, бошқа давлатларга экспорт қилинадиган маҳсулотлар учун керакли бутловчи қисмлардир. Шу боис, АҚШ томонидан жорий этилаётган ҳар қандай янги божлар Япония иқтисодиёти учун, айниқса экспортга йўналтирилган модель учун жуда муҳим хатар ҳисобланади.
Муосир Япония дунёдаги энг ривожланган мамлакатлардан бирига айланган бўлса, бу айнан экспортга йўналтирилган иқтисодиёт модели орқали амалга ошган. Бундай модельда АҚШ бозори доимо стратегик аҳамият касб этган. Япония – Жануби-Шарқий Осиёда АҚШдан илк марта буюртмалар олган мамлакат бўлиб, бу 1950-1953 йиллардаги Корея уруши даврида содир бўлган. Шундан сўнг Токиога Америка бозорига нисбатан муайян имтиёзлар берилди. Кейин бу моделни Жанубий Корея ва Тайвань ҳам қўллади. Ушбу мамлакатлар учун ҳам экспортга асосланган иқтисодий ўсиш, айни пайтда, сиёсий тизимларнинг шаклланишига ҳам туртки бўлди.
“Йўқолган ўн йиллик”: Япониянинг 30 йиллик инқирози
Япония иқтисодиётининг тарихи яна бир сабоқ бўладиган мисол сифатида, 1985 йилдаги кескин бурилишни ҳам ўз ичига олади. Ўша йили АҚШ, Буюк Британия, Франция, Германия Федератив Республикаси ва Япония марказий банклари раҳбарлари «Плаза келишуви» деб ном олган келишувга эришди. Бу келишувнинг мақсади – АҚШ долларининг қийматини назоратли тарзда пасайтириш эди. Чунки долларнинг кучайиши АҚШ саноати рақобатбардошлигининг пасайиши ва ташқи савдо камомади ошишига олиб келган эди. АҚШнинг савдо ҳамкорлари протекционистик кайфиятларнинг авж олишидан хавотирда эдилар ва ўз валюталарини мустаҳкамлашга рози бўлишди.
Натижада япон иенаси долларга нисбатан 50 фоизга мустаҳкамланди. Бу эса Япония саноатининг ташқи бозорларда, жумладан, АҚШ бозорида рақобатбардошлигининг пасайишига олиб келди. Япон ҳукумати ички талабни рағбатлантириш мақсадида арзон кредитлар бериш сиёсатини бошлади, айниқса кўчмас мулк бозорига катта маблағлар йўналтирилди. Бу иқтисодий ўсишнинг ташқи бозорлардан ички истеъмолга кўчирилиши сиёсати доирасида амалга оширилди. Бироқ 1991 йилда кўчмас мулк бозори қулади. Шундан сўнг Япония иқтисодиёти 30 йилга чўзилган инқирозга юз тутди. Бу давр “йўқолган ўн йиллик” номи билан машҳур бўлди.
Қизиқ жиҳати шундаки, Япония экспортга йўналтирилган иқтисодиёт моделида инқирозга юз тутган 1980 йиллар ўртасидан бошлаб бу моделни Хитой жуда муваффақиятли тарзда амалга ошира бошлади. Бугунги кунда Трампнинг сиёсати кўп жиҳатдан АҚШ сиёсий элитасидаги протекционистик кайфиятларга таянади – улар ўз саноати рақобатбардошлиги пасайиб бораётганидан хавотирда. Бироқ агар 1985 йилда барча келишувлар шартли равишда Ғарб блокига кирувчи давлатлар орасида кулуарда ҳал этилган бўлса, бугунги кунда биз Хитой ва АҚШ ўртасида бозорлар учун кескин рақобатга гувоҳ бўлаяпмиз.
Япония учун янги воқелик
Япония бу жараёнда глобал бозорлар конъюнктураси ўзгарганидан жиддий зарар кўрмоқда. Бу конъюнктура эса ҳанузча АҚШ иқтисодиёти ва унинг бозорларини очиқ сақлашга бўлган тайёрлигидан келиб чиқади. Шу нуқтаи назардан, Япониядаги навбатдаги сайловлар арафасидаги сиёсий тортишувларда асосий баҳслардан бири – истеъмол солиғи масаласи бўлди. Мухолифат бу солиқни камайтириш ёки бутунлай бекор қилишни таклиф қилмоқда, чунки инфляция ортиб бориш шароитида аҳолининг турмуш даражаси пасайиб кетгани айтилмоқда.
Бундай вазиятда ҳокимиятдаги Либерал-демократик партия (ЛДП) жуда мураккаб сиёсий ҳолатга тушиб қолмоқда. Гап фақат Япония олдида турган кўплаб муаммоларга ечим топиш учун етарли воситаларнинг йўқлигида эмас. Энг катта қийинчилик – Иккинчи жаҳон урушидан кейинги даврда мамлакат тараққиётини таъминлаб келган иқтисодий моделнинг ўзининг чуқур инқирозга юз тутганидир.
1991 йилда бошланган инқироз, ҳар ҳолда, дунё иқтисодиёти ўсишда давом этаётган шароитда кечган ва бу Япониянинг ўзидаги иқтисодий ўсиш сустлигини маълум даражада компенсация қилган. Аммо ҳозирги воқелик бунақа эмас – халқаро майдонда сантиментларга жой қолмаган. Трамп ваъда қилган 25 фоизлик божлар – Япония учун қаттиқ иқтисодий зарба. Бундай вазиятда ЛДП сингари ўнг марказчи партиялар кексайиб бораётган аҳоли қатламининг эҳтиёжлари, нархлар ўсиши ва ҳаёт даражасининг пасайишига нисбатан ортиб бораётган норозиликларга жавоб беришда қийналмоқда.