Янги мегаполис: Алатау шаҳрининг 4 та тумани қайси йўналишларда ривожланади
ALATAÝ. Kazinform — Бир неча кун аввал алоҳида мақомга эга бўлган Алатау шаҳрини ривожлантириш режаси тақдим этилди.
Келажак шаҳрига айланадиган Алатау бир неча туманларга бўлинган. Уларнинг ҳар бири саноат ва логистика марказидан тортиб, илмий-маърифий ва туристик кластерларгача ўзига хос хусусиятларга эга бўлади.
Gate District
Бу туман - молия, бизнес ва халқаро савдо марказига айланади. У Ўтеген ботир, Покровка, Қоянқус, Интимақ ва Жаналиқ аҳоли пунктлари оралиғида жойлашган бўлиб, умумий майдони 4 минг гектарга яқин бўлади. Келгусида туманга 220 мингдан ортиқ (ҳозир - атиги 15 минг) аҳолини жойлаштириш режалаштирилган.
Бу ерда 6,5 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой, 3,6 миллион квадрат метр савдо объектлари, 181 мингга яқин иш ўрни, шунингдек, мактаб, боғча ва поликлиникалар қурилади. Ҳозирда PepsiCo, Caspian Group ва Алмати вентиляция заводи лойиҳалари амалга оширила бошланди. Туман рамзи - Халқаро бизнесни ривожлантириш маркази Iconic Building-1 бўлади.
Golden District
Бу туман — энг яхши таълим тизимига эга бўлиб, замонавий тиббиёт маркази бўлади. 15 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллаган ушбу туман Кичик Алмати ва Қаскелен дарёлари орасидаги йўл бўйида жойлашади. Келажакда бу ерда 675 минггача аҳоли истиқомат қилади (ҳозир - тахминан 2,3 минг). 20 миллион квадрат метрдан ортиқ уй-жой, 3 миллион 600 минг квадрат метр савдо объектларини қуриш режалаштирилган. Жами 337 минг иш ўрни, ўнлаб мактаб, болалар боғчалари ва тиббиёт муассасалари ташкил этилиши кўзда тутилган.
Айни пайтда K-Park маданият ва ишбилармонлик мажмуаси қурилиши бошланди. Келгусида халқаро таълим маркази, академик шаҳарча, тиббиёт кластери, Hyundai Green Food Almaty ва Mars компаниялари лойиҳалари амалга оширилади.
Growing District
Бу - илмий-саноат маркази ва Қозоғистонни Хитой ва Россия билан боғлайдиган йирик транспорт марказидир. Алмати-Қапшағай автомобиль йўли ва Жетиген-Қазибек темир йўли бўйида жойлашган туман 36 минг гектардан ортиқ майдонни эгаллайди. Бу ерда 650 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилиши режалаштирилган. 20 миллион квадрат метрга яқин уй-жой қурилади, 300 мингдан ортиқ иш ўрни яратилади.
Алоҳида аҳамиятга эга - 1,5 минг гектар майдондаги янги аэропорт. Саноат зоналари транспорт йўлаклари бўйлаб тўпланиб, ишлаб чиқариш ва логистика учун қулай шароитлар яратилади.
Green District
Бу - туризм, экология ва дам олиш зонаси. У казино марказини, табиий ҳудудларни ва фаол дам олиш инфратузилмасини бирлаштиради. У Қапшағой сув омбори ва Қасқелен дарёсининг соҳилида, Қонаев шаҳри яқинида 31 минг гектардан ортиқ ҳудудни ўз ичига олади. Унда 320 мингга яқин аҳоли яшаши кутилмоқда. 10 миллион квадрат метр уй-жой, 3,6 миллион квадрат метр савдо объектлари қурилади, 155 минг иш ўрни яратилади. Келажакда бу ерда “Формула-1” трассаси ва сайёҳлик мажмуаси — Iconic Building-2 пайдо бўлади.
Бугунги кўриниш
Келажакдаги мегаполиснинг ҳудуди ҳозирда асосан бўш далалардан иборат. Бироқ, айрим ҳудудларда биринчи қурилиш ишлари бошланди: участкалар текисланмоқда, махсус техника ишламоқда. Шаҳарнинг умумий майдони 88 минг гектардан ортиқ. Лекин ҳамма ерлар ҳам қурилмаяпти: асосий эътибор яшил ҳудудлар, боғлар ва сув ҳавзаларига қаратилган. Алатау замонавий ва экологик шаҳар сифатида режалаштирилган.