Мутахассиснинг сўзларига кўра, асосий фарқ таълим ва иш услубида.
“Психиатр — бу олий тиббий маълумотга эга шифокор. У муаммога мия биологияси ва кимёси нуқтаи назаридан қарайди. Психиатр расмий тиббий ташхис қўйиш ҳуқуқига эга, масалан: клиник депрессия, шизофрения, биполяр аффектив бузилиш ва бошқалар, шунингдек дори воситалари билан даволашни белгилай олади”, — деди Маргарита Веремская.
Психолог эса шифокор ҳисобланмайди. У гуманитар-психологик таълим олган мутахассис бўлиб, ҳаётий қийинчиликларни енгишга ёрдам беради.
“Психолог «соғлом норма» доирасида ишлайди, ҳаётий инқирозлар, муносабатлардаги муаммолар, эмоционал чарчоқ ёки стресс билан курашишга ёрдам беради. Унинг асосий воситалари — суҳбат, хулқ-атвор таҳлили ва психологик маслаҳат. У ташхис қўйиш ва дори ёзиш ҳуқуқига эга эмас, лекин мижозда маълум бузилишлар борлигини шубҳа қилиши ва шифокорга мурожаат қилишни тавсия этиши мумкин”, — дейди шифокор.
Экспертга кўра, психологга ажрим, яқин инсонни йўқотиш, ишдан бўшаш, муносабатлардаги муаммолар, ўзига ишонч пастлиги ёки ҳаётий мақсадларни аниқлашда қийинчиликлар бўлганда мурожаат қилиш керак.
Психиатр ёрдами эса ҳолат инсоннинг кундалик ҳаётига таъсир қила бошлаганда зарур бўлади. Мутахассис хавфли белгилар қаторига уйқу ва иштаҳа бузилиши, узоқ давом этувчи бефарқлик, паника ҳужумлари, доимий хавотир, такрорланувчи фикрлар, кескин кайфият ўзгаришлари, шунингдек ўз жонига қасд қилиш фикрлари, ўз-ўзига зарар етказиш, галлюцинациялар ёки бред ҳолатларини киритди.
Янги қонун нимани ўзгартиради
Маргарита Веремскаянинг таъкидлашича, психиатрлар фаолияти аввал ҳам Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва «Аҳоли саломатлиги ва соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида»ги кодекс орқали тартибга солинар эди. Бироқ психологик ёрдам соҳаси узоқ вақт давомида етарлича тартибга солинмаган.
“Аслида, икки ҳафталик онлайн курсларни тугатган ёки ўзини «руҳ мутахассиси» деб эълон қилган ҳар қандай инсон кабинет очиб, реклама қилиб, қабул олиб бориши мумкин эди. Давлат бу хизматлар сифатини назорат қила олмасди, мижозлар эса псевдоилмий усуллар, деструктив амалиётлар ва махфийлик бузилишидан деярли ҳимоясиз эди”, — деди у.
Янги қонун, унинг сўзларига кўра, психологик ёрдамни «соядаги зона»дан чиқаради.
“Аввало, бу нопрофессионалликдан ҳимоя.. Ягона давлат реестри жорий этилади ва фақат тегишли олий маълумотга эга шахслар ўзини психолог деб атаб фаолият юритиши мумкин бўлади. Аниқ чегаралар ва жавобгарлик белгиланади. Психолог, агар клиник бузилиш белгилари бўлса, мижозни психиатрга йўналтириши мажбурий бўлади”, — тушунтиради Маргарита Веремская.
Шунингдек, қонун касбий ва этик меъёрларни мустаҳкамлайди.
“Мўъжизавий натижа» ҳақидаги ваъдалар, ижтимоий тармоқларда агрессив реклама, масалан «бир сеансда паника ҳужумларини йўқ қиламан» каби даъволар тақиқланади. Этика энди ҳуқуқий кучга эга бўлади. Махфийлик, сессияларни ёзиш қоидалари (аудио ва видео) ҳамда мижоз розилигисиз кейсларни эълон қилиш тақиқланади ва бунинг учун жавобгарлик белгиланади”, — деди шифокор.
Мутахассис янги қонун фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва касб обрўсини оширишга хизмат қилишини, шу билан бирга шубҳали сертификатлар асосида ишлайдиган шахсларни соҳага киришдан четлатишини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сенат психологик фаолият тўғрисидаги қонунни маъқуллагани, у психологик ёрдам сифатини ошириш ва соҳани тартибга солишга қаратилгани хабар қилинган эди.