Вьетнам "Кадзики" тўфони сабабли фавқулодда чоралар кўрмоқда

Фото: Фото: VnExpress International

ASTANA. Kazinform - Вьетнам душанба куни мамлакатни қамраб олган “Кадзики” супер тўфони муносабати билан фавқулодда чоралар кўрилишини эълон қилди, дея хабар беради Kazinform маҳаллий ОАВларга таяниб.

Соҳил бўйидаги вилоятларда 587 минг кишини эвакуация қилиш режалари тайёрланган. Айрим ҳудудларда 25 августда эрталаб соат 7:00 дан бошлаб аҳолига уйларини тарк этиш тақиқланган.

Тўфон транспорт коммуникацияларини фалаж қилди. Аэропортлар ёпилди, поездлар қатнови кечиктирилди, йўлларда ҳаракат чекланди. Балиқ овлаш кемаларининг денгизга чиқиши тақиқланади.

Синоптикларнинг маълумотларига кўра, бир қатор вилоятларда 150-250 мм, баъзи жойларда 600 мм гача ёғингарчилик бўиши кутилмоқда. Шамолнинг тезлиги соатига 166 км га етади, бироқ тўфон мамлакатга чуқурроқ кириб бориши билан у аста-секин заифлашади.

Вазирликлар, вилоят ҳокимликлари ва ҳарбийларга эвакуация ишларини олиб бориш, тўғон ва дамбаларни мустаҳкамлаш, алоқа линияларининг узлуксизлигини таъминлаш топширилди. Вьетнам Ташқи ишлар вазирлиги Хитой ва Филиппин элчихоналарига тўфондан бошпана излаётган Вьетнам балиқчилари ва кемаларига ёрдам сўраб нота йўллади.

Вьетнам халқ армиясига маҳаллий ҳокимият органлари билан мувофиқлаштириш, хавфли ҳудудларни аниқлаш, уйлар, мактаблар ва инфратузилмани мустаҳкамлашга ёрдам бериш вазифаси юкланган. Аҳолини эвакуация қилиш учун кўчки ва тошқинлар содир бўлиши мумкин бўлган ҳудудларга бўлинмалар жўнатилди.

Қишлоқ хўжалиги ҳудудлари, жумладан, 300 минг гектарга яқин шоли, 77 минг гектардан ортиқ боғ ва 57 минг гектар резина плантациялари хавф остида.