Ўзбекистонда “Ёшлар учун минг китоб” лойиҳаси амалга оширилади

Фото: Фото: Kazinform

ЎР Президенти "Ёшлар учун минг китоб" лойиҳасини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди, деб хабар беради Кazinform агентлиги UzAга таяниб.

Унга мувофиқ, жаҳонда машҳур бўлган 1000 та китоб танлаб олиниб, ўзбек тилига таржима қилинади.

Китоблар рўйхати илм-фан, маданият, санъат, адабиёт ва бошқа соҳаларда тажриба ва етук билимга эга олимлар ҳамда Республика Маънавият ва маърифат маркази, Дин ишлари бўйича қўмита мутахассисларидан иборат Экспертлар кенгаши томонидан тузилади.

Ҳар йили нашр этиладиган китоблар рўйхатига камида 20 фоиз илмий-оммабоп асарлар киритилади.

Давлат буюртмасига асосан таржима қилинган ва чоп этишга тайёрланган китобларга доир ҳуқуқлар Ёшлар ишлари агентлиги тасарруфида қолдирилади ҳамда ушбу китобларни келгусида нашриётлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан чоп этиш ва реализация қилиш учун Ёшлар ишлари агентлиги томонидан бепул асосда тақдим этилади.

Давлат буюртмасига асосан чоп этилган китоблар Экспертлар кенгаши тавсиясига кўра Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ахборот-кутубхона муассасалари, шу жумладан давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг кутубхоналарига беғараз тақдим этилади.

Чоп этилган китобларнинг электрон нусхалари китобхонлар кенг фойдаланиши учун муаллифлик ҳуқуқи эгаси билан келишилган ҳолда Ўзбекистон Миллий кутубхонасига ва Фанлар Академияси тизимидаги кутубхоналарга беғараз тақдим этилади.

2023-2024 йилларда дастлабки 50 номдаги китоб таржима қилиниб, нашрга тайёрланади ва чоп этилади.