Ўзбекистонда сунъий интеллект ёрдамида зилзилаларни олдиндан прогноз қилиш тизими жорий этилади
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Президентининг жорий йил 20 октябрда “Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди, деб хабар беради ЎзА.
Ҳужжатга мувофиқ, мамлакатда сейсмик хавфсизликни таъминлаш соҳасида илғор технологиялар, жумладан сунъий интеллект имкониятларидан кенг фойдаланиш амалиёти йўлга қўйилади.
2026 йил 1 январдан бошлаб «А-373» ва «М-39» автомобиль йўллари ҳамда уларга туташ тоғли ҳудудлардан ўтган темирйўлларда кўчки хавфи юқори бўлган ҳудудларнинг доимий радиолокацион космик мониторинги ташкил этилади.
Сунъий интеллект ёрдамида сейсмик хавфи юқори ҳудудларда кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатли прогноз қилиш амалиёти жорий этилади.
Дастлабки босқичда мазкур тажриба Тошкент шаҳри мисолида амалга оширилади.
Шунингдек, 2026 йил 1 мартдан бошлаб бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлик бўйича техник ҳолати ҳам сунъий интеллект ёрдамида таҳлил қилинади.
Ушбу чора-тадбирлар мамлакатда сейсмик хавфсизлик тизимини янги босқичга кўтариш, аҳоли ва инфратузилмаларни эҳтимолий табиий офатлардан самарали муҳофаза қилишга хизмат қилади.