Ўзбекистонда солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши ташкил этилади
TASHKENT. Kazinform — “Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ЎР Президенти қарори (ПҚ–223-сон, 11.07.2025 й.) қабул қилинди.
Қарорни қабул қилишдан кўзланган мақсад этиб тадбиркорлар ва солиқ органлари ўртасидаги низоларни ҳал қилиш учун сарфланадиган вақт ва харажатларни камайтириш белгиланди.
Қарорга кўра, Савдо-саноат палатаси ҳузурида солиқ, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ масалалари бўйича экспертлардан иборат Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши ташкил этилади.
Эксперт кенгашининг мажлислари 1 ойда камида 2 марта ўтказилади.
Эксперт кенгашига солиққа оид низоларни кўриб чиқишда қуйидаги ваколатлар берилади:
- солиқ органларининг қарорларидан норози бўлган тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, бундан жиноят иши доирасида ёки суд тартибида кўриб чиқилаётган солиққа оид низолар мустасно;
- мурожаатларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан хулоса қабул қилиш;
- қабул қилинган хулосаларни мажбурий тартибда кўриб чиқиш учун солиқ, божхона ва тегишли давлат органларига юбориш ҳамда бу ҳақда тадбиркорни хабардор қилиш.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда йил бошидан бери қанча фуқарога ижтимоий тўлов тайинлангани ҳақида хабар берган эдик.