Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасидаги стартапларга 1 млрд доллар миқдорида хорижий инвестиция жалб қилинади

Фото: Фото: UzA

TASHKENT. Kazinform — Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ўзбекистонда молиявий технологиялар соҳасини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарор қабул қилди, деб хабар беради UzA.

Унга мувофиқ, 2026-2030 йилларда молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришнинг асосий мақсадли кўрсаткичлари этиб қуйидагилар белгиланди:

а) молиявий технологиялар соҳасидаги стартапларга 1 миллиард АҚШ доллари миқдорида хорижий инвестициялар жалб қилиш;

б) молиявий технологиялар бозори иштирокчилар сонини камида 200 тага етказиш;

в) молиявий технологиялар соҳасидаги инкубация ва акселерация дастурларидан ўтган стартаплар сонини 100 тага етказиш;

г) молиявий технологиялар йўналишида камида 5 минг нафар ёшларни ўқитиш;

д) тўлов воситаси сифатида рақамли валюталарни вa миллий ёки хорижий валюта билан таъминланган токенларни тажриба-синовдан ўтказиш.

Қарорга кўра, Марказий банк молиявий технологиялар соҳасини ривожлантиришга масъул.

Марказий банк ҳузурида қуйидагилар ташкил этилади:

а) масъулияти чекланган жамият шаклида устав жамгармаси 50 миллион АҚШ доллари эквивалентига тенг бўлган стартап лойиҳаларни молиялаштирадиган венчур фонди;

б) молиявий технологиялар соҳасидаги стартаплар учун қуйидаги хизматларни амалга оширадиган юридик шахс мақомига эга бўлмаган инновацион хаб:

инкубация ва акселерация дастурларини амалга ошириш ва ташқи бозорларга чиқишга кўмак кўрсатиш;

маҳаллий ва хорижий венчур инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашиш; грант дастурларини амалга ошириш.

2026 йил 1 январдан бошлаб инновацион хаб иштирокчиларига қуйидаги харажатлар қоплаб берилади:

молиявий технологиялар йўналишидаги курсларда ўқиш ва сертификат олиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган қисми, бироқ 20 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;

инкубация ва акселерация дастурларини амалга оширувчи тадбиркорлик субъектларининг молиявий технологиялар соҳасидаги стартап лойиҳаларига менторлар ва тренерларни жалб қилиш билан боғлиқ харажатларнинг 50 фоизигача бўлган қисми, бироқ 50 минг АҚШ доллари эквивалентидан ошмаган миқдорда;

б) инновацион хаб иштирокчиларига доир мезон ва талаблар Марказий банк томонидан белгиланади;

в) 2026 йилдан бошлаб ҳар йили Марказий банк томонидан Рақамли технологиялар вазирлиги ва бошқа манфаатдор идоралар билан биргаликда молиявий технологиялар соҳасида мавжуд инновацион ечимлар ва амалга оширилган ишларни кенг тарғиб қилиш, хорижий инвестицияларни жалб этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга доир молиявий технологиялар соҳасида халқаро форумлар ташкил этилади.

2026 йил 1 сентябрга қадар банклар, тўлов ташкилотлари ва молиявий технологиялар бозори иштирокчилари ўртасида хавфсиз ва стандартлашган маълумот алмашинувини таъминлайдиган "очиқ банкинг" тизими жорий этилади.

2026 йил 1 январдан бошлаб тўлов воситаси сифатида барқарор токенлар айланмасини тартибга солишнинг махсус ҳуқуқий режими жорий этилади. Бунда:

а) маълумотларнинг тақсимланган реестри технологияси асосида фаолият юритувчи тўлов тизимини яратиш бўйича пилот лойиҳалар амалга оширилади;

б) "тартибга солиш қумдони" режимини жорий қилиш тартиби ва унинг амал қилиш муддати Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги томонидан Марказий банк билан биргаликда белгиланади.

2026 йил 1 январдан бошлаб:

а) Ўзбекистон Республикаси резидентлари бўлган юридик шахслар томонидан токенлаштирилган акция ва облигацияларни эмиссия қилишга рухсат берилади;

б) Ўзбекистон Республикаси ҳудудида биржа фаолиятини амалга ошириш учун белгиланган тартибда лицензия олган фонд биржаларида токенлаштирилган акция ва облигацияларни жойлаштириш ҳамда уларнинг муомалада бўлиши учун алоҳида савдо майдончаси ташкил этилади.