Ўзбекистонда Қозоғистон тиббиёти кунлари бошланди
ASTANA. Kazinform - Сўнгги йилларда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорлик янги босқичга кўтарилди. Хусусан, икки давлат соғлиқни сақлаш вазирликлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш бўйича 2025-2026 йилларга мўлжалланган Асосий ҳаракатлар режаси ишлаб чиқилиб, унинг доирасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабарига кўра, ушбу алоқаларни янада мустаҳкамлаш мақсадида кеча Ўзбекистоннинг тўртта вилоятида Қозоғистон тиббиёти кунлари бошланди. Ушбу тадбир учун қўшни давлатдан 100 га яқин етакчи тиббиёт ходимлари Ўзбекистонга етиб келди.
Тадбирлар Самарқанд, Бухоро, Фарғона вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасидаги тиббиёт муассасаларида бўлиб ўтяпти. Тўрт кун давомида Қозоғистондан келган юқори малакали мутахассислар кардиология, нейрохирургия, травматология, урология, онкология, гинекология, болалар хирургияси, эндокринология ва бошқа мутахассислик йўналишлари бўйича консультациялар, беморларга жарроҳлик амалиётлари ва маҳорат дарсларида иштирок этади.
Миллий тиббиёт маркази ва кардиология, онкология, травматология, фтизиатрия йўналишларидаги ихтисослаштирилган тиббиёт муассасаларида ҳам қўшма юқори технологияли жарроҳлик операциялари амалга оширилади.
Бундан ташқари, Қозоғистондаги етти олий таълим муассасаси вакиллари Тошкент давлат тиббиёт университети талабалари ўртасида илмий олимпиада ва спорт мусобақаларини ташкил этмоқда.
Тадбир доирасида Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонга тўртта кўчма тиббий бўлим етказиб беради. Ушбу бўлимлар Сирдарё ва Жиззах вилоятлари аҳолисини дастлабки тиббий кўрикдан ўтказиш учун хизмат қилади.
17 октябрда Тошкентда бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон – Қозоғистон: аҳоли саломатлиги йўлида ҳамкорлик” форуми Қозоғистон тиббиёти кунларининг якуний тадбири бўлади. Унда Соғлиқни сақлаш соҳасида икки томонлама ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилади.