Ўзбекистонда ишбилармонлик фаоллиги индекси ортмоқда

Фото: Фото: UzA

TASHKENT. Kazinform — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази томонидан баҳоланган Ишбилармонлик фаоллиги индекси (ИФИ) 2025 йил апрель ойида 1099 бирликни ташкил этиб, 2025 йил март ойига нисбатан 9,9 фоизга ҳамда ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 22,3 фоизга сезиларли ошган, деб хабар беради Kazinform агентлиги UzAга таяниб.

Маълум қилинишича, хўжалик юритувчи субъектларнинг банк ҳисобварақаларидаги опреациялар сони 17,2 фоизга ортган. Товар-хом ашё биржасида хомашё сотиб олиш жадаллиги 9,6 фоизга ошган. Фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектлар бўйича компонент 2,8 фоизга камайган. Товар белгилари бўйича компонент 21,8 фоизга ортган.

Шунингдек, ишбилармонлик фаоллиги индекси 13 та ҳудудда ўтган ойга нисбатан ўсиши кузатилган. Жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси (33,8 фоиз), Навоий (26,9 фоиз), Самарқанд (18,2 фоиз), Хоразм (15,6 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шахрида (15,3 фоиз) сезиларли даражада ўсиш кузатилган. Бироқ Ишбилармонлик фаоллиги индекси Қашқадарё вилоятида (1,8 фоиз) камайган.

Ахбротга кўра, 14 та ҳудудда юридик шахслар ўртасидаги банк операциялари сони ўтган ойга нисбатан ортган. Хусусан, Тошкент ш. (19,1 фоиз), Қорақалпоғистон Республикаси (16,3 фоиз), Жиззах (16 фоиз), Навоий ва Сурхондарё (14,8 фоиз) вилоятларида сезиларли ўсиш кузатилган.

“Республика товар-хом ашё биржасида товарлар савдосининг умумий айланмаси ҳажми 2025 йил апрель ойида 8 030,5 млрд. сўмни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич ўтган ойга нисбатан 8,7 фоизга ортган.

Фаолият юритаётган хўжалик субъектлари бўйича компонент 2025 йил апрель ойида 0,9723 бирликни ташкил этиб, ўтган ойга нисбатан 2,8 фоизга, шунингдек, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 4,4 фоизга камайган”, — дейилади хабарда.

2025 йил апрель ойида барча турдаги фаолият юритаётган хўжалик юритувчи субъектлар сони ўтган ойга (469 296 бирлик) нисбатан 4 561 бирликка ортиб, 473 857 бирликни ташкил этган.

Йирик тадбиркорлик билан шуғулланувчи корхоналар сони эса 627 тага камайган.

Ҳисобот даврида, кичик корхоналар сони 372 887 тадан 377 833 тага ортган (ўсиш 4 946 та). Шунингдек, фермер хўжаликлари сони 91 725 тадан 91 967 тагача (+242 та) ошган. Йирик тадбиркорлик билан шуғулланаётган субъектлар сони 4 057 тани ташкил этиб, 2025 йилнинг март ойига нисбатан 627 тага камайган.

Савдо белгилари муҳофазаси бўйича индекс 1,2183 бирликни ташкил этиб, ушбу кўрсаткич 2025 йилнинг марть ойига нисбатан 21,8 фоизга ортган. Юридик шахслар томонидан 413 та товар белгилари ва товар номлари рўйхатга олинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон тўрт ойда 147,1 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилгани ҳақида хабар берган эдик.