Ўзбекистонда авиайўловчилар сони 25 йилда 6,5 баробарга ошди

Фото: Фото: Pixabay

TASHKENT. Kazinform - Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистонда ҳаво транспорти орқали қарийб 9,7 миллион нафар йўловчи ташилган. Бу кўрсаткич 2000 йилга нисбатан 8,2 миллион нафарга кўп бўлиб, сўнгги 25 йил ичида авиайўловчилар сони тахминан 6,5 баробарга ошганини кўрсатади, деб хабар беради ЎзА.

Расмий маълумотларга кўра, 2000 йилда мамлакатда ҳаво транспорти орқали 1,5 миллион нафар йўловчи ташилган. Кейинги йилларда турли иқтисодий ва бозор омиллари таъсирида бу кўрсаткич маълум даражада ўзгариб борган. Хусусан, 2002–2003 йилларда авиайўловчилар сони 0,8 миллион нафаргача камайган.

2006 йилдан бошлаб ҳаво транспорти хизматларига бўлган талаб яна ўсишни бошлади. 2007 йилда йўловчилар сони 1,4 миллион нафарга, 2010 йилга келиб эса 1,9 миллион нафарга етди. 2011–2013 йилларда авиайўловчилар сони 2–2,5 миллион нафар атрофида шаклланган.

2014–2017 йилларда ҳаво транспорти орқали ташилган йўловчилар сони нисбатан барқарор бўлиб, ўртача 2,1–2,3 миллион нафарни ташкил этди. 2018 йилдан бошлаб эса соҳада ўсиш суръати янада жадаллашиб, 2019 йилда 3,2 миллион нафар авиайўловчи қайд этилди.

2020 йилда бутун дунёда кузатилган пандемия оқибатида авиаташувлар кескин қисқариб, йўловчилар сони 0,9 миллион нафаргача тушиб кетди. Бироқ кейинги йилларда соҳада тез тикланиш кузатилди. Жумладан, 2021 йилда 3 миллион, 2022 йилда 4,1 миллион, 2023 йилда эса 5,3 миллион нафар йўловчи ҳаво транспорти хизматларидан фойдаланган.

Сўнгги икки йилда эса ўсиш янада тезлашди. 2024 йилда авиайўловчилар сони 6,8 миллион нафарга етган бўлса, 2025 йилда бу кўрсаткич 9,7 миллион нафаргача ошди. Бу ҳолат мамлакатда туризм ривожланиши, янги авиайўналишларнинг очилиши, авиакомпаниялар сонининг ортиши ва аэропорт инфратузилмасининг модернизация қилиниши билан изоҳланмоқда.

Таҳлилларга кўра, ҳаво транспорти соҳасидаги бундай ижобий динамика келгуси йилларда ҳам сақланиб қолиши, авиақатновлар географияси кенгайиши ҳамда йўловчилар оқими янада ортиши кутилмоқда.