Ўзбекистонда Абай таваллудининг 180 йиллиги кенг нишонланмоқда
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистонда буюк қозоқ шоири, донишманд ва мутафаккир Абай Қўнонбоев таваллудининг 180 йиллигига бағишлаб турли маданий-адабий тадбирлар ташкил этилмоқда. Бу эзгу ташаббус Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик ва маънавий ҳамкорликнинг яна бир ифодаси сифатида юксак баҳоланмоқда.
Ана шундай маърифий тадбирлардан бири Навоий вилояти Учқудуқ тумани Минбулоқ овулидаги 11-сонли мактабда ташкил этилди. Ўқувчи-ёшлар ўртасида шоир ижодини кенг тарғиб қилиш, унинг маънавий-ахлоқий ҳаёт йўлини теранроқ англаш имкониятини беришга хизмат қилган мазкур тадбир Учқудуқ тумани миқёсида юқори савияда бўлиб ўтди.
“Абай нафақат қозоқ халқининг, балки бутун туркий дунёнинг маънавий шамчироғидир. Ўзбекистон жамоатчилиги ҳам уни чуқур ҳурмат қилади. Абайнинг инсонийликка чорловчи ҳикматли сўзлари, ўгитлари бугунги кун билан ҳамоҳанглиги учун ҳам аҳамиятини йўқотмаган”, – дейди Навоий вилоят қозоқ маданият маркази раҳбари Серижан Жанахметов.
Учқудуқ туманидаги “Минбулоқ” овулида буюк шоир таваллудининг 180 йиллигига бағишлаб “Абай – донишманд, Абай – бетакрор” мавзусида шеърлар танлови бўлиб ўтди. Унда тумандаги таълим қозоқ тилида олиб бориладиган бешта мактаб ўқувчилари иштирок этди.
“Минбулоқ” овулидаги 11-мактаб директори Ерлан Қонарбаевнинг таъкидлашича:
“Бу ташаббус Абай сингари атоқли адибнинг ижодий меросини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш, унинг бебаҳо асарлари, ибратли сўзлари эл-юртимиз маънавий ҳаёти ва дунё адабиётида тутган алоҳида ўрни борлигини тушунтиришга қаратилган. Ҳа, Абай қозоқ маънавиятининг олтин устунидир. Унинг ҳар бир сўзи – ҳаётий дарс. Болалар шоир меросини ёд олиш билан чекланиб қолмасдан, уни юракдан ҳис қилиши муҳим”, – дейди мактаб директори.
Маданий-маърифий тадбир доирасида ёш истеъдодлар иштирокида “Бола овози”, деб номланган қўшиқлар танлови ҳам ўтказилиб, унда Абай қўшиқлари янгради.
Шунингдек, туман миқёсида мини футбол мусобақаси ташкил этилиб, 9 та мактаб жамоаси орасидан энг кучлилар аниқланди.
Айтиш жоизки, Ўзбекистон мактабларида Абай асарлари ўзбек тилига таржима қилиниб, ўқув дастурига киритилган. Бу навқирон авлоднинг икки халқнинг умумий маънавий хазиналарини теран англашига замин яратади.
Эслатиб ўтамиз, Буюк Абай таваллудининг 180 йиллиги Ўзбекистонда кенг миқёсда нишонланиши ҳақида аввалроқ ёзган эдик.
Муаллиф: Райҳон Қодирова, Ўзбекистон, Учқудуқ шаҳри.