Ўзбекистон ярим йилда Қозоғистондан 1,5 миллиард долларлик товар импорт қилди
TASHKENT. Kazinform – Ярим йиллик натижаларга кўра, Қозоғистон Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари учлигида қолмоқда, деб хабар беради Kazinform агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Алихан Асқар.
Ўзбекистон Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь-июнь ойларида мамлакатнинг ташқи савдо айланмаси 37 миллиард долларга етди ва ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 16,1 фоизга ошди. Ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёдаги 194 мамлакат билан савдо алоқаларини юритмоқда.
Ўзбекистоннинг асосий савдо ҳамкорлари орасида Хитой биринчи ўринни эгалламоқда. Икки давлат ўртасидаги товар айланмаси 6,5 миллиард доллардан ошиб, умумий ҳажмнинг 17,7 фоизини ташкил этди.
Савдо айланмасининг 16,3 фоизи Россия ҳиссасига тўғри келмоқда. Бу мамлакат билан экспорт-импорт ҳажми 6 миллиард доллардан ортиқни ташкил қилди.
Шунингдек, етакчи учликни Қозоғистон якунлайди. Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айланмаси 2,2 миллиард доллардан ошди (умумий ҳажмнинг 6 фоизи). Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 296 миллион долларга кўпроқдир.
Қамраб олинган даврда Ўзбекистон Қозоғистонга 676,4 миллион долларлик товар экспорт қилган бўлса, 1,5 миллиард доллардан зиёд миқдорда маҳсулот импорт қилган.