Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида “яшил” йўлаклар жорий этилади

Фото: Фото: ЎзА

Ўзбекистонлик дипломатлар Қозоғистон Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат даромадлари қўмитаси раиси Жандос Дуйсембаев билан учрашди, деб ёзади ЎзА.

Бу ҳақда “Dunyo” ахборот агентлиги хабар берди.

Хабарда айтилишича, учрашув чоғида ўзбекистонлик автотранспорт корхоналари Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегара ўтиш жойлари орқали мева-сабзавот ва бошқа тез бузиладиган маҳсулотларни ташишда юзага келадиган бир қатор масалаларни кўтарган.

“Жумладан, “CarGoRuqsat” электрон навбат тизимидаги тушунмовчиликлар, чегара яқинида “яшил” йўлакларнинг йўқлиги, автомобиллар учун тўхташ жойлари ва ҳайдовчиларга тегишли шарт-шароитлар яратилмагани каби масалалар муҳокама қилинди.

Қозоғистон томони бу ҳолатлардан хабардорлигини билдирди ва ҳайдовчиларга қулайлик яратиш мақсадида тизимга ўзбек тилида махсус саҳифа қўшилгани, қўшимча йўлаклар очилганини маълум қилди”, — дейилади хабарда.

Музокаралар якунлари бўйича томонлар мева-сабзавот маҳсулотларини чегарадан тўсиқсиз ўтказиш учун “яшил” йўлакларни яратиш бўйича зарур қарорлар қабул қилишга келишиб олдилар.