Ўзбекистон Президенти амалий ташриф билан Озарбайжонга боради
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг таклифига биноан 5-6 июль кунлари амалий ташриф билан Озарбайжонга боради, деб хабар беради Kazinform ЎзАга таяниб.
Давлат раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президенти Шуша шаҳрида бўлиб ўтадиган Туркий давлатлар ташкилотининг "Транспорт ўзаро боғлиқлиги ва иқлим ўзгаришига қарши курашиш орқали барқарор келажакни барпо этиш" мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этади.
Саммит давомида кўп томонлама ҳамкорликни, энг аввало, савдо-иқтисодиёт, транспорт-коммуникация ва инвестиция-молия соҳаларида, шунингдек, "яшил" иқтисодиёт, қайта тикланадиган энергетика, иқлим ўзгаришига қарши курашиш ва инсон капиталини ривожлантириш йўналишларида янада кенгайтириш масалалари муҳокама этилади.
Делегациялар раҳбарлари халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам кўриб чиқадилар.
Тадбир якунида бир қатор қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кўзда тутилган.