Ўзбекистон инфратузилмаси эскирганлиги сабабли сувнинг 36 фоизини йўқотмоқда
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев иштирокида бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида сув хўжалиги муаммолари муҳокама қилинди, деб хабар беради Кazinform агентлиги.
Президент сув муаммоси кун сайин долзарб бўлиб бораётганини таъкидлади. Охирги икки йилда мамлакатда сув хўжалигига, жумладан, сувни тежовчи технологияларга катта миқдорда субсидиялар ажратилди. Бироқ, инфратузилманинг эскирганлиги сабабли Ўзбекистон ўтган йили истеъмол қилган сувнинг учдан биридан кўпроғини йўқотди.
— Ўтган йили истеъмол қилинган 39 миллиард куб метр сувнинг 36 фоизи тупроқ канал ва ариқларда йўқолган. Қолаверса, 70 фоиз ер эски усулда суғорилгани учун 5-6 миллиард куб метр сув исроф қилиниб, захкашларга оқизилади. Бугунги кунда 2,5 миллион гектар ерни суғориш учун 5 мингдан ортиқ насосдан фойдаланилиб, йилига 7 миллиард киловатт-соат электр энергияси сарфланмоқда. Ваҳоланки, насосларнинг 80 фоизи 35-40 йилдан буён ишлаган ва хизмат муддати тугаган, — деди Шавкат Мирзиёев.
Шу муносабат билан Шавкат Мирзиёев сув хўжалигидаги бу аҳволдан чуқур хавотирда экани, мутасаддиларнинг фаолиятидан кескин норозилигини билдирди.
Президент сув йўқотишларини камайтириш мақсадида каналларни бетонлаш, насосларни тежамкор насосларга алмаштириш, сув хўжалиги объектларида автоматлашган ҳисоблагич ўрнатиш бўйича топшириқлар берди.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков