Ўзбекистон фармацевтика соҳасида Афғонистон билан ҳамкорлик қилади
TASHKENT. Kazinform - Ўзбекистон делегацияси амалий ташриф билан Афғонистон Ислом Амирлигида бўлиб, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида бир қатор ҳамкорлик алоқаларини ўрнатди, деб хабар беради, деб хаба Kazinform агентлиги UzAга таяниб.
Жумладан, фармацевтика соҳаси бўйича долзарб масалалар: Афғонистон бозорида фармацевтика маҳсулотларига бўлган талаб ва уларни рўйхатдан ўтказиш тартиблари, дори-дармон воситаларини реклама қилиш қоидалари ва ҳуқуқий асослари, Афғонистон ҳудудида маҳаллий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Афғонистон фармацевтика бозори сўнгги йилларда барқарор ўсишни намоён этмоқда ва ҳозирги кунда тахминан 2 миллиард АҚШ доллари қийматида баҳоланмоқда. Маҳаллий ишлаб чиқариш етарлича ривожланмагани боис, бозорнинг катта қисми импорт маҳсулотлар ҳисобига тўлдирилади. Бу эса Ўзбекистон учун сифатли ва рақобатбардош фармацевтика маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда Афғонистон ҳудудида қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш бўйича улкан имкониятларни яратади.
“Делегацияси аъзоларининг Афғонистон Дори воситалари сотувчилари уюшмаси раиси Ҳўжа Мирвайс Аҳмадий, Балх вилояти Савдо-саноат палатасининг халқаро алоқалар бўйича маслаҳатчиси Ҳожи Қаландар Раҳимий ва бошқа расмийлар, тадбиркорлар билан қизғин кечган учрашувида логистика ва товар айланишини янада оптималлаштириш масалалари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, Мозори-Шариф шаҳрида жойлашган дорихоналардаги нарх-наволар ўрганилиб, дори воситаларини импорт қилиш ва мамлакатга олиб кириш тартиблари, нархларини арзонлаштириш йўллари ҳақида фикр-мулоҳазалар билдирилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Афғонистонга 200 тоннага яқин инсонпарварлик ёрдами жўнатгани ҳақида хабар берган эдик.