Ўтган йили Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 28 миллиард долларга етди – Президент
ASTANA. Kazinform - Қасим-Жомарт Тоқаев иккинчи “Марказий Осиё – Россия” саммитидаги нутқида Қозоғистон ва Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми ҳақида гапирди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Президент минтақа ва Россия ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликнинг қатор долзарб йўналишлари бўйича ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Савдо-саноат алоқаларини ривожлантиришга биринчи навбатда эътибор қаратди.
“Биринчи саммитда биз иқтисодий ҳамкорликнинг янги моделини яратиш устида ишлашга келишиб олдик. Бугун қабул қилинадиган Қўшма ҳаракатлар режаси 50 дан ортиқ чора-тадбирларни ўз ичига олади. Бу - жуда муҳим ҳужжат. Шунинг учун уни ўз вақтида амалга ошириш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошириш керак. Марказий Осиё мамлакатлари Россия билан товар айирбошлаш ҳажми умумий савдо айланмасининг учдан бир қисмини ташкил этади. Ўтган йил якунларига кўра, бу кўрсаткич 20 фоизга кўпайиб, 50 миллиард доллардан ошди. Бу ҳажмнинг ярмидан кўпи Қозоғистон ва Россия ўртасидаги савдога тўғри келади. Ўтган йили унинг ҳажми 28 миллиард долларга етган. Россия Қозоғистон иқтисодиётининг энг йирик сармоядорларидан бирига айланди. Инвестициялар ҳажми 26 миллиард доллардан ошди. Биргина ўтган йилнинг ўзида Россиядан тўғридан-тўғри инвестициялар оқими 33 фоизга ўсиб, 4 миллиард доллардан зиёдга ошган. Бунга саноат кооперациясининг жадал ривожланиши ёрдам берди. Умумий қиймати 21 миллиард долларлик 114 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилди. Айни пайтда 33 та лойиҳа устида иш олиб бориляпти. Инвестициялар ҳажми 4,5 миллиард доллардан ортиқ”, - деди Давлат раҳбари.
Қасим-Жомарт Тоқаевнинг сўзларига кўра, томонлар савдо тўсиқларини бартараф этиш, ўзаро савдони фаоллаштириш ва товар айирбошлаш турларини кенгайтириш тарафдори.
“Чегаравий савдо зонасини ташкил этиш, чегара ҳудудий форумлари, бизнес-форумлар, кўргазма ва ярмаркаларни мунтазам ўтказиб бориш, электрон савдо майдончасини ривожлантириш бу борадаги вазифаларни ҳал этишга хизмат қилади. Ҳозирги вақтда Марказий Осиёда қўшма савдо-саноат зоналари, саноат марказлари шакллана бошлади. Бу майдонлар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш, бутун қўшилган қиймат занжири бўйича кооперация, барқарор ташишни таъминлаш учун шароит яратади. Россия бизнесининг ушбу лойиҳалардаги иштироки Россия товарларининг бизнинг, жумладан, Қозоғистон бозорларида узоқ муддатли айланишига хизмат қилади”, — деди Президент.