Ўтган йили Қозоғистон 100 та йирик сармоявий битимни имзолади

Фото: Фото: Depositphotos

ASTANА. Кazinform – Қозоғистон 2029 йилгача камида 150 миллиард доллар хорижий инвестицияларни жалб қилиши керак. Бу ҳақда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр Астанадаги сармоявий форумда маълум қилди.

– Қозоғистон тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб қилиш бўйича дунёнинг 50 та етакчи давлати қаторига киради ва Марказий Осиёда етакчи ҳисобланади. Бу ҳудудга жалб қилинган сармоянинг 60 фоиздан ортиғи Қозоғистонга тегишли, – деди Роман Скляр.

Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Ҳукумат олдига 2029 йилгача миллий иқтисодиёт ҳажмини икки баравар ошириш, 450 миллиард долларга етказиш вазифаси қўйилганини эслатди.

– Биз жаҳон тенденцияларига йўналтирилган Инвестиция сиёсати концепциясини қабул қилдик. Бу 2029 йилгача камида 150 миллиард долларлик хорижий сармояни жалб қилиш имконини беради. Ўтган йили мамлакатимизда умумий қиймати қарийб 2,5 миллиард долларлик муҳим сармоявий лойиҳалар бўйича 7 та шартнома имзоланди. Шунингдек, умумий қиймати 3 триллион тенгега тенг 107 та инвестиция шартномаси тасдиқланди. Йил бошидан буён умумий қиймати 2 миллиард доллардан ортиқ бўлган 6 та келишув маъқулланди, — деди у.

Эслатиб ўтамиз, Астана шаҳрида Олий суд томонидан ташкил этилган сармоявий форум бўлиб ўтмоқда. Унда Бош вазирнинг биринчи ўринбосари Роман Скляр ва Европа Иттифоқининг Қозоғистондаги элчиси Мачей Мадалински ҳамда тегишли соҳа раҳбарлари иштирок этмоқда.