Украинадан ҚР фуқароларини олиб келиш масаласи Президентнинг шахсий назоратида - Берик Уали

Фото: None
NUR-SULTAN. Kazinform – Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон фуқароларини Украинадан эвакуация қилиш билан боғлиқ вазиятни диққат билан кузатиб бормоқда. Бу ҳақда Президент матбуот котиби Берик Уали маълум қилди, дея хабар беради Kazinform.

«Бугун Қозоғистоннинг Украинадаги элчиси Дархан Калетаев Президент Қасим-Жомарт Тоқаевга фуқароларимизни мамлакатга олиб келиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳисобот берди.

Умуман олганда, Президент турли қийинчиликларга қарамай, Ташқи ишлар вазирлиги, элчихона ходимлари ва Қозоғистоннинг Украина ва Польшадаги фахрий консуллари фаолиятини юқори баҳолади», — деб ёзди Б.Уали Facebook саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, айни дамда Қозоғистон Ҳукумати Катовице (Польша) – Атирау – Алмати йўналиши бўйича эвакуация парвозларини ташкил этиш устида ишламоқда. Қозоғистон фуқароларини мамлакатга етказиш бўйича биринчи рейс бугун амалга оширилиши режалаштирилган.

«Фуқароларимизни Украинадан олиб келиш масаласи Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг шахсий назоратида», — деди Президент матбуот котиби.