Украина можарасини ҳал этиш – Тоқаев ва Путин нималарни муҳокама қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Президенти маслаҳатчиси – матбуот котиби Руслан Желдибай Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали суҳбати тафсилотларини маълум қилди, деб хабар беради Tengrinews.kz сайти.

Президент матбуот котибининг айтишича, суҳбат Россия томони ташаббуси билан бўлиб ўтган ва фақат дўстона ҳамда ишончли руҳда кечган.

“Асосий эътибор Украина можарасини ҳал этиш масаласига қаратилди. Владимир Путин АҚШ Президенти Дональд Трампнинг махсус вакили билан ўтказилган музокаралар натижалари ҳақида батафсил маълумот берди. Қасим-Жомарт Тоқаев эришилган дастлабки келишувларни қўллаб-қувватлади ҳамда Қозоғистон аввали бошданоқ ҳарбий ҳаракатларни тўхтатиш учун тинчлик формуласи излаш тарафдори бўлганини таъкидлади”, – деди Желдибай.

Унинг сўзларига кўра, икки давлат раҳбарлари икки томонлама кун тартиби юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

“Қозоғистон Президенти шу йил ноябрь ойида Москвага амалга оширилиши режалаштирилган давлат ташрифини алоҳида аҳамиятга эга деб ҳисоблашини билдирди. Мазкур ташрифнинг мақсади стратегик ҳамкорлик ва иттифоқчилик руҳида ҳар томонлама ҳамкорликни чуқурлаштиришдан иборат”, – деб қўшимча қилди Президент матбуот котиби.

Бундан аввал хабар қилинганидек, Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Россия Президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган эди.