Уч йил ичида 1,7 миллион қозоғистонлик табиий газдан фойдалана бошлади

Фото: Фото: Ақорда

ASTANА. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев «ҚазақГаз» МК» АЖ бошқаруви раиси Санжар Жаркешовни қабул қилди, дея хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Давлат раҳбарига миллий компания томонидан амалга оширилаётган ишлар натижалари тақдим этилди.

Президентга маълум қилиндики, бугунги кунда мамлакатда газлаштириш даражаси 62,4 фоизга етди. Охирги уч йилда 1 миллион 700 минг қозоғистонлик табиий газдан фойдалана бошлади.

Қасим-Жомарт Тоқаевга Жетису вилоятидаги 66 аҳоли пунктини газ билан таъминлайдиган “Талдиқорған-Ушарал” газ қувури қурилиши якунлангани ҳақидаги ҳисобот тақдим этилди.

Бундан ташқари, “Қашаған” конида суюлтирилган нефть газини қайта юклаш ва фракциялаш заводи, Бейнеу — Бозой — Чимкент магистраль газ қувурининг иккинчи линияси қурилиши бошланди. Туркия инвестори — ESTA иштирокида 1,35 миллиард долларлик карбамид заводи лойиҳаси ишга туширилди.

Санжар Жаркешовнинг сўзларига кўра, Россия табиий газини Қозоғистон орқали Ўзбекистонга ташиш ҳажмининг ортиши соҳадаги энг муҳим ютуқлардан биридир.

Миллий компания раҳбари “Марказий Осиё – Марказий” газ қувурида амалга оширилаётган капитал таъмирлаш ишлари ҳақида ҳам тўхталди. Мазкур лойиҳа мамлакатнинг ҳудудий энергетика соҳасида муҳим бўғин сифатидаги ролини оширади.

Давлат раҳбарининг газ-ресурс базасини ривожлантириш бўйича топшириқларини амалга ошириш доирасида қатор стратегик шартномалар имзоланди. «Оққудуқ» ва «Северний-2» участкаларида ер қаъридан фойдаланиш бўйича шартномалар, шунингдек, “Северний-1” участкасида қидирув ишларини олиб бориш бўйича CNPC компанияси билан тузилган шартномалар шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, Давлат раҳбарига газ соҳасига рақамли ечимларни жорий этиш, жумладан, янги NVIDIA график чиплари билан жиҳозланган суперкомпьютерлардан фойдаланиш режаси ҳақида ахборот берилди. Учрашув якунида Қасим-Жомарт Тоқаев бўлажак иситиш мавсумига тайёргарлик кўриш ва мамлакатнинг газ тармоғи салоҳиятини режалаштирилган тарзда мустаҳкамлаш бўйича қатор аниқ топшириқлар берди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Франция Президентига табрик телеграммаси йўллагани ҳақида хабар берган эдик.