Туркий давлатлар сайлов соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
ASTANA. Kazinform – Бугун Туркистон шаҳрида Туркий давлатлар ташкилоти (ТДТ)га аъзо давлатларнинг марказий сайлов органлари Консультатив платформаси (МСО КП) тўғрисидаги низомни имзолаш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда ТДТга аъзо давлатлар — Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ҳамда кузатувчи мақомидаги Венгриянинг марказий сайлов органлари, шунингдек, тўрт нуфузли халқаро ташкилот — ТДТ, Сайлов органларининг Бутунжаҳон ассоциацияси (A-WEB), Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА), Туркий академия раҳбарлари, ТДТга аъзо мамлакатларнинг олимлари, Қозоғистон Республикаси Парламенти депутатлари, Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ҳузуридаги Экспертлар кенгаши аъзолари, вилоятлар ҳамда Астана, Алмати ва Чимкент шаҳарларининг ҳудудий сайлов комиссиялари раислари иштирок этди.
Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг марказий сайлов органлари учун Консультатив платформани яратиш ташаббуси Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан 2023 йил 3 ноябрда Астанада бўлиб ўтган ТДТнинг X юбилей саммитида илгари сурилган эди.
ТДТга аъзо давлатлар марказий сайлов органлари учун Консультатив платформани яратиш тўғрисидаги қарор барча туркий давлатлар раҳбарлари томонидан якдиллик билан қўллаб-қувватланди ва 2024 йил 6 ноябрда қабул қилинган ТДТ XI саммитидаги Бишкек декларациясида акс эттирилди.
МСО КП Низомига имзо қўйиш маросимида Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Нурлан Абдиров Президент Қасим-Жомарт Тоқаевнинг тадбир иштирокчиларига йўллаган табрик номасини ўқиб эшиттирди.
Президент ўз номасида ТДТ X саммитида таклиф этилган Консультатив платформа ташкил этиш ташаббусини қўллаб-қувватлаган барча дўст мамлакатлар ҳамкорларига миннатдорчилик билдирди ҳамда бу ташаббус ташкилотга аъзо мамлакатларнинг сайлов тизимларини такомиллаштиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.
“Бутун Туркий дунёси учун маънавий пойтахт ҳисобланган Туркистон шаҳрида Консультатив платформа низомининг имзоланиши катта рамзий маънога эга. Шунингдек, ушбу масаланинг аҳамиятини инобатга олган ҳолда, мен «Туркий дунё: сайлов тизимларининг анъаналари, тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари» мавзусида илмий-амалий конференция ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлайман. Бу тадбирлар умумий тарих ва умумий илдизларга эга биродар давлатлар ўртасидаги муносабатларни янада мустаҳкамлайди”, – деди Президент ўз табрикномасида ва Консультатив платформа фаолиятига муваффақият тилади.
Шунингдек, Қозоғистон Республикаси Парламенти Сенати Раиси Маулен Ашимбаев ва Мажилис Раиси Ерлан Қошанов ҳам ўз табрикномаларини йўлладилар.
Тадбирда ТДТга аъзо давлатлар марказий сайлов органлари раҳбарлари – Озарбайжондан Мазахир Панахов, Қирғизистондан Тинчтик Шайназаров, Туркиядан Ахмет Йенер, Ўзбекистондан Зайниддин Низомҳўжаев сўзга чиқдилар. Шунингдек, Венгриянинг Миллий сайлов бюроси раҳбари Аттила Наднинг табрикномаси ўқиб эшиттирилди.
Бундан ташқари, ТДТ Бош котиби Кубаничбек Омуралиев, Сайлов органлари Бутунжаҳон уюшмаси (A-WEB) Бош котиби Ин-Шик Чжанг, Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) Бош котиби Мехмет Сюрейя Эр, Туркий академия вице-президенти Асхат Кесикбаев ҳам нутқ сўзладилар.
ТДТга аъзо давлатлар марказий сайлов органлари раҳбарлари томонидан имзоланган Консультатив платформа (КП) Низомида ТДТ давлатлари марказий сайлов органлари ўртасида тизимли ҳамкорлик ўрнатиш ўзаро тушунишни мустаҳкамлаш ва сайлов жараёнларининг самарадорлигини оширишга хизмат қилиши таъкидланган. Шунингдек, ҳужжат ТДТга аъзо давлатларни сайлов ва референдумлар чоғида халқаро кузатув миссияларини ташкил этиш орқали кўп томонлама ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантиришга рағбатлантиради.
КП Низомида қуйидаги қарорлар қабул қилинди:
- сайлов жараёнлари бўйича мулоқот, ахборот ва энг яхши тажрибалар алмашинуви учун платформа яратиш;
- сайлов органлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш;
- сайлов жараёнларига инновацион ёндашув ва технологияларни жорий этиш;
- ТДТ давлатларидаги сайлов тадбирларини ташкил этишда консультатив платформа фаолиятини мувофиқлаштириш;
- сайлов органлари ўртасида мутахассислар ва ўқув-услубий материаллар билан алмашишга кўмаклашиш;
- сайлов кузатувида иштирок этиш, тажриба тўплаш ва сайлов тизимини ривожлантиришга ҳисса қўшиш ва бошқалар.
Тадбир доирасида Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси Озарбайжон, Қирғизистон, Туркия, Ўзбекистон ва Венгриядан келган ҳамкасблари, шунингдек, ТДТ, Сайлов органлари Бутунжаҳон уюшмаси (A-WEB), Туркий давлатлар Парламент Ассамблеяси (ТуркПА) раҳбарлари билан икки томонлама учрашувлар ўтказди. Томонлар сайлов кампанияларини ташкил этиш тажрибаси билан ўртоқлашиш ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қилдилар.
ТДТ марказий сайлов органлари ўртасида доимий маслаҳатлашувлар ўтказиш ва умумий ҳамкорлик платформасини яратиш сайлов жараёнларини ривожлантиришга ёрдам бериши яна бир бор таъкидланди.