Транскаспий халқаро транспорт йўналишини мувофиқлаштириш платформаси ишга туширилди

Фото: Фото: Транспорт вазирлиги матбуот хизмати

ASTANА. Кazinform - Европа комиссияси ва Қозоғистон томонидан ишга туширилган янги платформа Транскаспий транспорт йўналишини 15 кун ёки ундан камроқ вақт ичида Европани Осиё билан боғлайдиган мультимодаль ва рақобатбардош йўналишга айлантириш устида ишламоқда.

ҚР Транспорт вазирлиги матбуот хизматига тақдим этилган маълумотларга кўра, тадбир Марказий Осиё давлатлари ва йўлак бўйлаб жойлашган бошқа давлатлар вакиллари, шунингдек, халқаро молия институтлари вакиллари ҳамда Европа Иттифоқига кирмайдиган G7 давлатлари вакиллари иштирокида бўлиб ўтди.

Транспорт вазирлиги раҳбари Марат Қарабаевнинг фикрича, иқтисодий юксалиш ва ҳудудлар ривожида транспорт инфратузилмасини ривожлантириш, транспорт алоқаларини мустаҳкамлаш муҳим ўрин тутади.

“Мувофиқлаштирувчи платформанинг яратилиши бизга умумий мақсадларга эришиш учун кучларни бирлаштириш, тажриба ва ғоялар алмашиш учун ноёб имконият беради. Бу ишга Озарбайжон, Арманистон, Грузия, шунингдек, Туркиядан ҳамкасбларимиз таклиф қилинганини алоҳида таъкидламоқчиман. Бу, ўз навбатида, Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш бўйича асосий ва доимий мақсадларни амалга оширишда муҳим ўрин тутади”, — деди вазирлик раҳбари.

Ўз навбатида, Халқаро ҳамкорлик бўйича бош директоратнинг биринчи даражали маслаҳатчиси Хенрик Хололей:

“Транскаспий халқаро транспорт йўналиши бўйича яратилган мувофиқлаштирувчи платформа Марказий Осиё ва Европани бир-бирига яқинлаштиришга қаратилган ҳамкорлигимиздаги муҳим қадамдир. Барқарор транспорт алоқалари минтақанинг иқтисодий ўсиши ва унинг Европа билан алоқаларини мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамиятга эга. Биз ҳамкорларимизни ривожланиш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш мақсадларига эришишда қўллаб-қувватлаш ниятидамиз”, — деди у.

Европа ҳаракатчанлик ва транспорт комиссияси Бош директори ўринбосари Мая Бакран: “Мувофиқлаштирувчи платформа Транскаспий халқаро транспорт йўналишини Европа, Кавказ ва Марказий Осиёни боғловчи мультимодаль ва замонавий йўналишга айлантиришга ёрдам беради. Турли манфаатдор томонларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш минтақанинг барқарор иқтисодий ривожланишига хизмат қилади”, — дея ўз фикри билан ўртоқлашди у.

Умуман олганда, платформа қайд этилган йўлак ишига ёрдам беради ва Марказий Осиёда инфратузилма соҳасида устувор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиради. Шунингдек, у темир йўл, автомобиль ва порт инфратузилмасига сармоя киритишни рағбатлантиради ва мувофиқлаштиради.