Трамп маъмурияти «Америка овози»нинг юзлаб ходимларини ишдан бўшатди
ASTANA. Kazinform – Пайшанба куни Трамп маъмурияти «Америка овози» (Voice of America) ахборот агентлигининг қарийб 600 нафар ходимини ишдан бўшатди, деб хабар беради The New York Times.
Ишдан бўшатишлар журналистлар ва маъмурий ходимларни қамраб олди – бу агентлик умумий ходимларининг учдан бир қисмидан ортиғини ташкил этади. АҚШ ҳукумати «Voice of America»ни «радикал Америка овози» деб атаб келади.
Бу ишлар Трамп маъмурияти Вашингтондаги федерал бинони — агентликнинг бош қароргоҳини — сотувга қўйганидан сўнг амалга ошди.
Ишдан бўшатилганлар орасида хорижлик журналистлар ҳам бор, улар АҚШни июнь ойи охиригача тарк этишига тўғри келади, чунки уларнинг иммиграция мақоми агентликдаги ишга боғлиқ эди.
АҚШнинг Глобал медиа агентлиги (USAGM)да «Америка овози»ни назорат қилувчи катта маслаҳатчи Кари Лейкнинг маълум қилишича, Трамп маъмурияти ўзининг қонуний ваколатлари доирасида ҳаракат қилган:
“Биз агентликни оптималлаштириш ва федерал бюрократияни қисқартириш жараёнидамиз. Бу маъмурият устувор йўналишларига мос келади. Биз USAGM агентлик тузилмасини қисқартиришда давом этамиз ва биз буни меҳнаткаш америкаликлар маблағига арзийдиган замонавий тизимга айлантирамиз. Бу ҳали бошланиши, холос”, – деди Лейк.
Дональд Трамп эса «Америка овози» нашрини «антиамериканча» ва партиявий «пропаганда» тарқатишда айблади.
Аввалроқ Кари Лейк USAGM ва унинг таҳририятлари «исрофгарчилик, қаллоблик ва вазифадан суиистеъмол қилиш билан яшаб келаётганини» айтган, аммо бу фикрларига ҳеч қандай исбот келтирмаган.
1942 йили ташкил этилган «Америка овози» агентлиги Трамп томонидан имзоланган фармонга мувофиқ, 15 март куни ўз фаолиятини тўхтатганди. Апрель ойида суд қарори билан агентликни тугатиш ва унга бўйсунувчи таҳририятларни тарқатишга йўл қўйилмагани сабабли, унинг ахборот дастурлари қисман қайта тикланган эди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача март ойида "Америка Овози" ва "Озодлик" радиоси ходимлари таътилга жўнатилгани ҳақида ёздик.