Трамп Ҳиндистон маҳсулотларига 25 фоизлик қўшимча бож жорий қилди
ASTANA. Kazinform – АҚШ президенти Дональд Трамп Ҳиндистондан олиб кириладиган маҳсулотларга 25 фоиз миқдорида қўшимча бож тўловини жорий этиш ҳақидаги фармонни имзолади. Мазкур ҳужжат 6 август, чоршанба куни Оқ уйнинг расмий сайтида эълон қилинди, деб ёзади DW.
“Ҳиндистондан импорт қилинадиган, тўғридан-тўғри ёки билвосита тарзда Россия Федерациясидан етказиб бериладиган нефть билан боғлиқ маҳсулотларга қўшимча адвалор (яъни бож тўлови товарнинг божхона қийматига нисбатан фоизда белгиланади – таҳр.) бож жорий қилиш зарур ва мақсадга мувофиқ”, – дейилади фармонда. Ушбу чора 21 кундан сўнг кучга киради.
Бундан аввал, 31 июль куни Трамп Ҳиндистондан келтириладиган товарларга 25 фоизлик савдо устамасини белгилайдиган фармонни маъқуллаган эди. Бу ҳужжат 7 августдан амалга кириши белгиланган.
Фармон ҳақидаги дастлабки маълумотлар эълон қилинганидан сўнг, Ҳиндистондаги тўртта давлатга қарашли нефть қайта ишлаш заводи Россиядан нефть харид қилишни тўхтатганини маълум қилган. Бироқ турли манбаларга кўра, Ҳиндистон АҚШ босимига қарамай, россиялик нефть харидини давом эттирмоқда. Шу муносабат билан бож тўловининг янги босқичи жорий қилинмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан аввал Трамп Ҳиндистонга нисбатан бож тўловларини «сезиларли даражада» оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берган эдик.