Тожикистонда яна зилзила содир бўлди

Фото: Фото: DW

ASTANA. Kazinform – 14 апрель, душанбага ўтар кечаси Тожикистонда 4,5 магнитудали зилзила содир бўлди. Бу ҳақда Европа-Ўртаер денгизи сейсмологик маркази (EMSC) маълум қилди.

Қайд этилишича, ер силкинишлари Рашт шаҳридан 23 километр узоқликда UTC 0:44 (Қозоғистон вақти билан 5:44) да қайд этилган. Зилзила эпицентри 5 километр чуқурликда жойлашган, деб ёзади DW.

Бир кун аввал, 13 апрель куни Тожикистонда икки марта зилзила содир бўлди. Уларнинг ўчоқлари вилоят маркази Рашт шаҳри яқинида, пойтахт Душанбедан 180 километр шарқда жойлашган.

АҚШ Геология хизмати маълумотларига кўра, биринчи зилзила маҳаллий вақт билан соат 09:24 да қайд этилган. Магнитудаси 5,8. Бу қўшни Ўзбекистон ҳудудига таъсир қилгани, Тошкентда 2 балли зилзила сезилгани ҳам хабар қилинди.

Иккинчи зилзила маҳаллий вақт билан 12:14 да содир бўлган. EMSC мутахассислари зилзила магнитудаси 4,2 ни қайд этди. Зилзила эпицентри Рашт шаҳридан 40 километр шарқда жойлашган.