Тошкентда Ўзбекистон – Қозоғистон бизнес форуми бўлиб ўтди

Фото: Фото: ЎзА

TASHKENT. Kazinform - Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги ҳамда Қозоғистон Савдо ва интеграция вазирлиги ҳамкорлигида Ўзбекистон-Қозоғистон бизнес форуми ўтказилди, деб хабар беради ЎзА.

Йиғинда икки мамлакатнинг вазирликлари, тармоқ бирлашмалари ва компанияларидан 100 дан ортиқ вакиллар, жумладан, “QazTrade” AJ, “Kedentransservis” AJ, “iMas Group”, “Medial Group”, “Asyl Dan Trade”, “StalTsink”, “Empire Food” ва бошқалар иштирок этди.

Тадбирда Ўзбекистон инвестициялар, саноат ва савдо вазири ўринбосари Хуррам Тешабаев ҳамда Қозоғистон савдо ва интеграция вазири ўринбосари Айдар Абилдабеков сўзга чиқиб, бугунги иқтисодий алоқалар ва уни янада юқори даражага кўтариш бўйича фикр билдирди.

Анжуман доирасида мамлакатнинг инвестиция муҳити тақдимоти, G2B ва B2B учрашувлар ўтказилди ҳамда озиқ-овқат саноати, қурилиш ва агро-саноат комплексида бир қатор ҳамкорлик битимлари имзоланди.

Маълумот ўрнида: 2025 йил январь – сентябрь ойларида икки давлат ўртасидаги савдо ҳажми 3,5 миллиард долларни (+16%) ташкил этди, шундан 1,1 миллиард доллар (+7%) Ўзбекистон экспортига тўғри келди. Ҳозирда ўлкада 1157 та Қозоғистон капитали иштирокидаги корхона фаолият юритмоқда.