Тошкентда Ўзбекистон – Беларусь аёллари бизнес-форуми ўтказилади
TASHKENT. Kazinform - Жорий йил 26-27 август кунлари Тошкент шаҳрида иккинчи Ўзбекистон – Беларусь аёллари бизнес-форуми ўтказилиши кутилмоқда, деб хабар беради KazinformЎзАга таяниб.
Бизнес-форумини ўтказиш бўйича ташкилий қўмитанинг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда тадбирга тайёргарлик кўриш, мазкур форумни юқори савияда ташкил этиш ва янги ҳамкорлик шартномаларига эга бўлиш, жараёнларни кенг жамоатчиликка етказиш мақсадида ишлаб чиқилган чора-тадбирлар ҳамда белгиланган вазифалар муҳокама қилинди.
Мазкур бизнес-форумдан кўзланган асосий мақсад – Ўзбекистон ва Беларусь тадбиркор аёлларининг бизнес ва иқтисодий алоқаларини мустаҳкамлаш, янги ҳамкорлик имкониятларини излаш ва мавжудларини кенгайтириш, тажриба алмашиш, икки мамлакат иқтисодиётининг барқарор ривожланишига ҳисса қўшиш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини оширишга хотин-қизларни кенг жалб қилишдир.
Бизнес-форумда етти секция, яъни хизматлар соҳаси, электр техник саноати, кимё саноати, енгил саноат, қишлоқ ва озиқ-овқат саноати, машинасозлик, электр энергетика ва «яшил» энергетика йўналишлари бўйича мажлислар ташкил этиш режалаштирилмоқда.
Секция мажлислари ва кўргазма ўтказиладиган жойларда икки мамлакат тадбиркор аёллари ва давлат органлари ўртасида «B2B» ва «G2B» форматидаги учрашувлар, шунингдек, тижорат шартномалари, битимлар ва ҳамкорлик меморандумлари тузиш бўйича келишувларга эришиш назарда тутилган.