Тошкентда Осиё Олимпия кенгашининг янги раиси сайланди
TASHKENT. Kazinform – Бугун Тошкентда Осиё Олимпия кенгаши Бош ассамблеясининг 46-йиғилиши бўлиб ўтди, деб хабар беради Kazinform агентлиги мухбири.
Унда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев, бир қатор мамлакатлар МОҚ раислари ва таниқли спортчилар иштирок этишди. Шунингдек, ҳурматли меҳмонлар орасида World Boxing ташкилоти президенти Геннадий Головкин ҳам бор эди.
Йиғилиш давомида Осиё Олимпия кенгашининг янги президенти сайланди. Кўпчилик овоз билан ушбу лавозимга Шайх Жавъан бин Ҳамад Ол Соний муносиб деб топилди.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Президенти уни табриклади ва янги раиснинг юқори профессионаллиги, кенг халқаро тажрибаси ва жаҳон спорти ривожига қўшган улкан ҳиссасини таъкидлади.
“Бугунги кунда мамлакатимизнинг 15 миллиондан ортиқ аҳолиси мунтазам равишда жисмоний тарбия билан шуғулланиб келади. Ўзбекистонлик спортчилар Париждаги Олимпиада ва Паралимпия ўйинларида, шунингдек, бошқа халқаро мусобақаларда юқори натижаларни кўрсатдилар”, — деди Шавкат Мирзиёев.
Эслатиб ўтамиз, 23 январда Президент Қасим-Жомарт Тоқаев Қишки Олимпия ва Паралимпия ўйинларида иштирок этувчи спортчиларга Давлат байроғини топширди.
Аввал хабар қилинганидек, Қозоғистон Миллий Олимпия Қўмитаси спорт соҳасига сунъий интеллектни жорий этади.