Тошкентда “Қурилиш – UzBuild 2024" халқаро кўргазмаси очилди
TASHKENT. Kazinform – “Iteca Exhibitions” халқаро кўргазмалар компанияси, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, “Узсаноатқурилишматериаллари” уюшмаси ва бошқа ташкилотлар ҳамкорлигида ташкил этилган ушбу тадбирда 19 мамлакатдан 450 дан ортиқ компания ўз имкониятларини намойиш этмоқда. Бу ҳақда UzA агентлиги ёзди.
Кўргазма доирасида Қурилиш саноати халқаро анжумани ҳам бўлиб ўтмоқда. Унда Буюк Британия, Қозоғистон, Россия Федерацияси, Туркия, Ўзбекистон, Бирлашган Араб Амирликларининг 20 дан ортиқ мутахассислари иштирок этмоқда.
Кўргазманинг тантанали очилиш маросимида қайд этилганидек, мазкур халқаро тадбир маҳаллий ва хорижлик ишлаб чиқарувчиларни бир мақсадга бирлаштиради. Шунингдек, кўргазма уларни мулоқот қилишга, бир-бирининг фаолияти билан танишишга ва ҳамкорликка ундашга хизмат қилади.
Тошкентда 25-маротаба ўтказилаётган мазкур кўргазма соҳадаги энг илғор ютуқлар, замонавий технологиялар, қурилиш материаллари, сантехника ва коммуникациялардан тортиб, мебель ва маиший техникагача бўлган турли хил маҳсулотлар намойишини ўзида жамлагани билан аҳамиятлидир. Унда хорижий иштирокчилар улуши 81 фоизни ташкил этса, маҳаллий компаниялар стендларидан эса қурилиш ва пардозлаш материаллари секторлари маҳсулотлари, деразалар, эшиклар, фасадлар, цемент ва бетон буюмлар, қурилиш аралашмалари, металлургия маҳсулотлари, изоляцион материаллар каби маҳсулотлар ўрин олган.