Тоқаев Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Светлана Жакуповани қабул қилди

Фото: Фото: Ақорда

ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари ҚР Меҳнат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш вазири Светлана Жакуповани қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

Президентга ижтимоий ривожланиш ва меҳнат муносабатлари соҳаларининг бугунги ҳолати ва истиқболдаги режалари ҳақида маълумот берилди.

Светлана Жакупова жорий йилнинг 1 майига қадар 157,8 минг кишини иш билан таъминлаш чоралари кўрилгани ҳақида маълум қилди. Шундан 143,2 минг нафар фуқаро ишга жойлаштирилди. Йил бошидан буён 232 мингдан ортиқ фуқарога манзилли ижтимоий ёрдам кўрсатилди.

Президентга меҳнат хавфсизлигини таъминлаш, меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида маълумот берилди. Тизимли ишлар самарасида жорий йилнинг биринчи чорагида ишлаб чиқаришда тан жароҳати олиш даражаси ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 17 фоизга, ўлим билан якунланган бахтсиз ҳодисалар 5 фоизга камайди. Бундан ташқари, касбий хавфларни аниқлаш, баҳолаш ва олдини олиш, шунингдек, меҳнат муносабатларини декларациялаш механизмларининг автоматлаштирилган тизими жорий этилмоқда.

Светлана Жакупова Лойиҳаларнинг инновацион навигатори жорий этилиши ҳақида гапирди. У давлат инвестициялари самарадорлигини ошириш ва иш ўринларини сифатли режалаштириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Қасим-Жомарт Тоқаевга ижтимоий қўллаб-қувватлаш жараёнини рақамлаштириш бўйича иш тақдим этилди. Хусусан, вазир ижтимоий-иқтисодий барқарорлик ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларни баҳолашда балл моделидан фойдаланиш концепциясини тақдим этди. Ушбу лойиҳанинг жорий этилиши маблағларни реал муҳтожларга қайта тақсимлаш ва қўллаб-қувватлаш чораларининг ҳақиқий эгасига етиб боришини таъминлаш имконини беради.

Йиғилиш якунида Давлат раҳбари ижтимоий сиёсатни янада такомиллаштириш, манзилли ёрдам кўрсатиш самарадорлигини ошириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирларини кенгайтириш, меҳнат ва ижтимоий соҳаларни рақамлаштиришга қаратилган қатор топшириқлар берди.