Тоқаев иштирок этадиган Доҳа форумида қандай масалалар муҳокама қилинади

Фото: Фото: @DohaForum

ASGTANA. Kazinform – 7 ва 8 декабрь кунлари Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида глобал муаммоларни муҳокама қилиш ва турли соҳаларда инновацион ечимларни излашга бағишланган халқаро форум (Doha Forum) бўлиб ўтади. Kazinform агентлиги мазкур тадбирнинг аҳамияти ҳақида қисқача маълумот тақдим этади.

Нуфузли мулоқот платформаси

Бу галги форум мавзуси “Дипломатия, мулоқот, хилма-хиллик”.

Умуман олганда, ушбу тадбир 2000 йилдан буён ўтказиб келинмоқда. Қарийб чорак аср давомида форум жаҳон етакчилари ва экспертлари, фуқаролик жамияти вакиллари ўртасидаги нуфузли мулоқот майдонига айланди.

Форум кун тартибига киритилган масалалар юзасидан 80 дан ортиқ муҳокама сессиялари ташкил этилади.

Ҳурматли меҳмонлар

Ташкилотчиларга кўра, бу йилги тадбирга 150 дан ортиқ давлатдан 4500 дан ортиқ киши таклиф этилган. Улар 300 дан ортиқ мутахассисларнинг фикрларини тинглаш имкониятига эга бўладилар. Форумда сўзга чиқадиган 7 давлат раҳбари орасида Қозоғистон Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳам бор.

Форумда Қасим-Жомарт Тоқаев махсус сессия ўтказиб, “ўрта” кучлар ролига муносиб эътибор қаратган ҳолда замонавий таҳдидларга қарши курашиш йўллари ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашади. Бу ҳақда Қозоғистоннинг Қатардаги элчиси Арман Исағалиев Gulf Times газетасига берган интервьюсида маълум қилди.

“Президентнинг Доҳа форумидаги иштироки Қозоғистоннинг инновацияларни жадаллаштириш ва технологик тараққиётга кўмаклашиш бўйича узоқ муддатли стратегик режаларига асосланади”, – деди элчи интервьюда.

Қозоғистоннинг рақамли ривожланиш, инновациялар ва аэрокосмик саноат вазири Жаслан Мадиев форумнинг “Инновациялар фойдаси: глобал технологияларнинг ривожланиши назорат остида” деб номланган панель сессиясида чиқиши режалаштирилган. “Марказий Осиё ва глобал энергия хавфсизлигининг янги даври” мавзусидаги сессияни KAZENERGY ассоциацияси раиси Мағзум Мирзағалиев очади.

Форум олдидан чоршанба куни «Doha Forum Youth edition 2024» ёшлар форуми бўлиб ўтди ва унда 90 та давлатдан 150 нафар ёш эксперт иштирок этди.

Ўтган йилги форумга дунёнинг 120 дан ортиқ давлатидан 3500 нафар меҳмон таклиф этилган эди.